Мурожаатлар жойида ҳал этилди
Сирдарё вилоятининг Ховос туманида тадбиркорлар билан ўтказилган очиқ мулоқотда билдирилган 19 та мурожаатнинг 12 таси жойида ижобий ҳал этилди. Қолган 7 та мурожаат юзасидан эса амалдаги қонунчилик асосида ҳуқуқий тушунтириш ва амалий тавсиялар берилди.
Ховос тумани ҳокимлигида ташкил этилган учрашувда Сирдарё вилояти солиқ бошқармаси бошлиғи Суҳроб Тавбоев, туман ҳокими Қомус Йўлдошев, масъул ташкилотлар раҳбарлари, Ховос тумани ва Янгиер шаҳрида фаолият юритаётган тадбиркорлар, ҳунармандлар ҳамда фуқаролар иштирок этишди.

Очиқ мулоқотда тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш, солиқ маъмурчилигини соддалаштириш ва бизнес учун янада қулай шарт-шароитлар яратишга қаратилган ислоҳотлар юзасидан атрофлича маълумот берилди. Хусусан, умумбелгиланган солиқ тизимига ўтиш учун белгиланган молиявий чегаранинг оширилиши, солиқ имтиёзларидан самарали фойдаланиш тартиби ҳамда электрон солиқ хизматларининг имкониятлари ҳақида тушунтирилди.

Шунингдек, солиқ органларига мурожаат қилмасдан туриб ҳисобот тақдим этиш, рақамли хизматлардан масофадан фойдаланишнинг афзалликлари ҳаётий мисоллар орқали тушунтирилди. Бу каби хизматлар тадбиркорлар учун вақт ва маблағни тежаш, давлат хизматларидан фойдаланиш жараёнларини янада енгиллаштиришга хизмат қилиши таъкидланди.

70 нафардан ортиқ иштирокчи қатнашган мулоқот савол-жавоб руҳида ўтиб, ҳар бир мурожаат юзасидан масъуллар томонидан аниқ муносабат билдирилди.

— Энг муҳими, бундай учрашувлар тадбиркорларнинг муаммоларини бевосита эшитиш ва уларни қисқа муддатда ҳал этиш имконини бермоқда. Ҳар бир мурожаат алоҳида ўрганилиб, қонуний ечим топилишига алоҳида эътибор қаратилмоқда, — деди Сирдарё вилояти солиқ бошқармаси шўъба бошлиғи Илғор Халилов.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири