Зиё Кўкалп – туркий халқлар бирлиги курашчиси
Андижонда ТУРКСОЙ Ёзувчилар уюшмасининг йиғилиши ҳамда «2026 йил – Зиё Кўкалп йили»га бағишланган халқаро ижодий учрашувлар бўлиб ўтди.
Мазкур тадбирлар доирасида Андижон давлат тиббиёт институтида Зиё Кўкалп хотирасига бағишлаб ўтказилган ижодий учрашувда ТУРКСОЙ ёзувчилар уюшмаси вакиллари, ТУРКСОЙга аъзо давлатлар ёзувчи, шоир, адабиётшунослари, андижонлик ижодкорлар, адабиёт мухлислари, ёш ижодкорлар иштирок этди.
Маълумки, ТУРКСОЙ халқаро ташкилоти томонидан “2026 йил – Зиё Кўкалп йили” деб эълон қилинган.
Зиё Кўкалп ўзи ким бўлган?
Зиё Гўкалп тахаллусини олган файласуф олим, сиёсатчи, социолог, адиб ва шоир - Зиё Тавфиқ Афанди ўғли 1876 йилда Туркиянинг Диёрбакр ўлкасида таваллуд топган. Йирик файласуф, социолог сифатида Туркия Республикасида миллий мафкура ва социология фанига асос солган.
Ёшлигидан бошлаб Туркияда султонлик тузумига қарши курашди. Унинг раҳбарлигида 1908 йилдан «Ёш қаламлар» журнали нашр этила бошлаган. 3иё Кўкалп барча туркий халқларни туркчилик асосида бирлаштириш тарафдори эди, туркий дунё бирлиги ғояларини назарий жиҳатдан ишлаб чиқди. Бунинг учун Усмонлилар султонлиги томонидан таъқиб ва қувғинга учради, сургун қилинади ва қамоққа ташланди.
Кейинчалик Мустафо Камол Отатурк томонидан Туркия Республикасининг масъул лавозимларига тайинланди. Ёш Туркиянинг миллий мафкурасини ишлаб чикқан. Туркияда унинг 9 жилдлик куллиёти чоп этилган.
Зиё Кўкалпнинг тарихга оид асарларида Туркия ва туркий халкларнинг демократик ва миллий мустақиллик, тараққиёт йўлига ўтишининг тарихий, сиёсий тафсилотлари, назарий муаммолари, тажрибаси ва туркий тамаддуннинг келгуси тараққиёт йўллари баён этилган.


Ижодий кеча аввалида Зиё Кўкалп ҳаёти ва ижодига, шунингдек, ТУРКСОЙ томонидан туркий халқлар бирлиги ва ҳамкорлигини мустаҳкамлаш йўлида олиб борилаётган ишларга бағишланган видеоролик намойиш этилди.
Ижодий учрашувни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари, шоир Минҳожиддин Мирзо олиб борди.
Дастлаб ТУРКСОЙ бош котиби Султон Раев, Андижон вилояти ҳокимининг ўринбосари Элёрбек Холмирзаев, ТУРКСОЙ Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари Муса Казим Арижан, Туркия Ёзувчилар уюшмаси раиси Муҳаммед Энес Кала, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, филология фанлари доктори, профессор Абдулҳай Собировнинг табрик сўзлари эшитилди.
Шундан сўнг Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, Огоҳий номидаги халқаро мукофот совриндори Тоҳир Каҳҳорнинг “Зиё Кўкалп ва ўзбек адабиёти”, Туркия Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, адабиётшунос Хайат Текнинг “Зиё Кўкалп ва унинг матбуотчилик фаолияти”, Туркия Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, ёзувчи ва адабиётшунос Чингизхон Оракчининг “Зиё Кўкалпнинг шеърияти”, Туркия Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, тадқиқотчи-тарихчи Хайреттин Гулернинг “Зиё Кўкалпнинг Туркиянинг келажагига доир қарашлари”, Анқара мусиқа ва тасвирий санъат университети ўқитувчиси Али Токмакнинг “Туркий дунёнинг муштарак қадриятларини илгари суришда Зиё Кўкалпнинг таъсири” мавзусидаги маърузалари тингланди.


Маърузаларда Зиё Кўкалп ҳаёти, фаолияти, ижодий мероси ҳақида кенг маълумотлар айтиб ўтилди. Хусусан, Зиё Кўкалп ғояларининг бугунги туркий дунё учун аҳамияти, маданий бирлик тушунчаси, умумий тарих ва умумий ўзликни шакллантиришдаги ўрни ҳамда туркий халқлар ўртасидаги бирдамликка қўшган ҳиссаси таҳлил қилинди. Шунингдек, унинг асарларини туркий тилларга таржима қилиш, илмий тадқиқотларни кенгайтириш ва бой маънавий меросини келажак авлодларга етказиш юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди.

–- Йирик файласуф, сиёсатчи, олим ва адиб Зиё Кўкалп бундан қарийб 120 йил аввал туркий халқларни бирликка чорлаган улуғ мутафаккир эди, – дейди Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Тоҳир Каҳҳор. – Буни унинг асарларида, ижодида, шеърларида яққол кўриш мумкин. Хусусан, 1911 йилда ёзилган “Турон” шеъри унинг туркий халқлар бирлигини тараннум этган энг машхур шеъридир. Унда шоир турк дунёсининг қаҳрамонларини эслайди, улардан куч олишини таъкидлайди.
Ҳар бир томир уришим юз йилларнинг сасидир,
Буюк ўтмиш туйғуси, минг йиллар нафасидир!
Зафарин китобданмас, ўқийман қалб қонимдан –
Эслаб ғурур туяман элим, қаҳрамонимдан!
...
Ватан на Туркиядир, ватандир на Туркистон,
Турклар учун ватандир мангулик ўлка – Турон!
(“Турон” шеъри)
дея ёзган сатрларида туркий халқларни бирликка, бирлашмоққа чорлайди. Ёки яна бир шеърида туркийлар ҳақида шундай ёзади:
Тинглаб ғарбнинг сўзини, ғарбга сўзин тинглатар,
Ўз юрагин сўйлатар, ўз қалбини англатар.
Бироқ асло унутмас Ўғузхоннинг авлоди –
Турон деган бир юрт бор, бордир Туроннинг оти.
...
Турклар буюк бир элдир, эрта бўлур бир миллат,
Бунга қарши чиққанга кўкдан ёғар минг лаънат!
Турк ҳеч кетмас орқага, турк асло иккиланмас,
Билки, улуғ қалбидан Олтин даври юлунмас!
(“Турклик” шеъри)
Шоир “Олтин давр” деб бутун туркий давлатлар бирлашадиган даврни назарда тутади.
Ўзбекистонда Зиё Кўкалпнинг асарлари юртимиз мустақилликка эришганидан кейин чоп этила бошлаган. Унинг “Полвон валий”, “Ола кийик”, “Қизил олма”, “Темиртоғ ёки Эргенекўн” достонлари, қатор шеърлари Огаҳий номидаги халқаро мукофот совриндори Тоҳир Қаҳҳор томонидан таржима қилиниб, чоп эттирилган.

– Ушбу тадбир чин маънода дўстлик, адабиёт байрами бўлди, – дейди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, ёзувчи Восит Аҳматхонов. –Айниқса, биз андижонлик ижодкорлар, ижодий учрашув қатнашчилари Зиё Кўкалп, унинг ҳаёти, фаолияти ҳақида жуда кенг маълумотлар олдик. Қолаверса, туркий давлатларнинг таниқли ёзувчи ва шоилари, адабиётшуносларининг туркий адабиётни ривожлантириш, бир-бирига яқинлаштириш борасидаги фикр-мулоҳазаларини тинглаб, мақсадларимиз муштарак эканлигига яна бир бор ишонч ҳосил қилдик.
Ижодий учрашув доирасида бир гуруҳ ижодкорларга “Абай” медали, шунингдек, ТУРКСОЙнинг сувинер ва эсдалик совғалари топширди.



Бир сўз билан айтганда, Зиё Кўкалп таваллудининг 150 йиллигига бағишланиб, Андижонда ўтказилган ижодий учрашув туркий давлатлар ижод аҳли ўртасидаги дўстлик ва қардошлик ришталарини, адабий алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилди.
Фахриддин Убайдуллаев,
Зуҳриддин Умрзоқов (сурат),
ЎзА мухбирлари