“Келажак бунёдкорлари” — эртанги кун эгалари
Куни кеча давлатимиз раҳбарининг Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан фан, таълим, соғлиқни сақлаш, спорт, маданият ва санъат соҳалари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисидаги Фармонига мувофиқ, Ширин энергетика техникумининг икки нафар ўқувчиси — Донёр Абдураззоқов ва Диёрбек Исматов “Келажак бунёдкори” медали билан тақдирланди.
Икки ёшнинг давлат мукофотига муносиб кўрилиши, аввало, уларнинг шахсий ютуғи. Аммо, масаланинг яна бир муҳим жиҳати бор. Бу — уларнинг муваффақияти замирида турган таълим муҳити, яратилган имкониятлар ва изчил меҳнат самарасидир. Зеро, замонавий касбий таълим энди “ўқувчи дарсда билим олади, сўнг дипломга эга бўлади”, деган оддий қолипдан анча узоқлашди. Бугун касбни амалиётдан, назарий билимни эса ишлаб чиқариш жараёнидан айри тасаввур этиб бўлмайди.
Ширинрда мамлакатимиз энергетика тизимининг муҳим таянч корхоналари — “Сирдарё” иссиқлик электр станцияси, “Фарҳод” гидроэлектр станцияси ҳамда замонавий “ACWA Power Sirdarya” иссиқлик электр станцияси фаолият юритмоқда. Бир ҳудудда энергетиканинг турли йўналишларини намоён этувчи бундай йирик корхоналарнинг мавжудлиги техникум ўқувчилари учун катта амалий имконият яратади. Улар энергетика соҳасини фақат дарсликлар орқали эмас, балки ишлаб чиқариш жараёнини бевосита кузатиш, мутахассислар тажрибасини ўрганиш ва олган билимларини амалиётда синаб кўриш орқали ўзлаштирмоқда.
Дуал таълим тизими эса назария билан амалиёт ўртасидаги ана шу боғлиқликни янада мустаҳкамламоқда. Ўқувчи аудиторияда назарий билимни эгалласа, ишлаб чиқариш муҳитида уни амалиёт билан бойитади. Мутахассислардан касб сирларини ўрганади, технологик жараёнларни бевосита кузатади, ҳар бир ишда аниқлик ва масъулият қанчалик муҳим эканини ҳис этади.
Бундай ёндашув ёшни нафақат касбга, балки меҳнатнинг ўзига ҳам тайёрлайди. Шунинг учун унинг қўлидаги диплом оддий ҳужжат эмас, балки назарий билим, амалий тажриба ва касбий масъулият билан мустаҳкамланган тайёргарлик натижасига айланади.

Донёр Абдураззоқов ва Диёрбек Исматовнинг бугунги ютуқлари ана шу таълим ва амалиёт уйғунлигининг ёрқин ифодасидир.
Донёр — Ширин энергетика техникумининг 2-босқич ўқувчиси. У “Ал-Жабр” лойиҳаси доирасида “Қайта тикланувчи энергия манбалари асосида электр станцияларида маълумотларни йиғиш ва диспетчерлик хизмати оператори” касби бўйича таҳсил олмоқда.
Аммо, унинг қизиқишлари бир йўналиш билан чекланмайди. У “Start-Up Education” ўқув марказида IELTS фани ўқитувчиси сифатида ҳам фаолият юритиб, ёшларни халқаро имтиҳонларга тайёрламоқда. Бир томонда — энергетика соҳасининг мураккаб жараёнлари, иккинчи томонда — хорижий тилни ўрганиш ва ўргатиш. Бир йўналишда ўзи билим ва тажриба орттирса, бошқасида эгаллаган билимларини бошқалар билан баҳам кўради.
Эҳтимол, унинг муваффақияти замиридаги муҳим омиллардан бири ҳам шундадир: билимни фақат ўзлаштириш эмас, уни бошқаларга етказиш ва амалда қўллай билиш.
Донёр “Shirin Energy” техник мактаби ва Datavolt компанияси ҳамкорлигида “Ал-Жабр” лойиҳаси доирасида ташкил этилган икки йиллик техник амалиёт дастурида ҳам фаол иштирок этмоқда. У қуёш энергетикаси соҳасидаги назарий билимларини ишлаб чиқариш амалиёти билан бойитиб, касбий кўникмаларини мустаҳкамламоқда. Шунингдек, техник ўқув материалларини ўзбек тилига таржима қилиш ва амалиётчилар учун қўлланмалар тайёрлаш жараёнида ҳам ўз ҳиссасини қўшмоқда.
Ёшнинг изланишлари халқаро майдонда ҳам муносиб натижалар билан давом этди. 2026 йилда Саудия Арабистонида ўтказилган EWAthon халқаро инновацион мусобақасининг саралаш босқичида муваффақиятли иштирок этган Донёр Малайзиядаги ITEX–2026 халқаро инновациялар кўргазма-мусобақасида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди.
Малайзияда бўлиб ўтган мазкур нуфузли танловда ўз инновацион ишланмаси билан иштирок этган Донёр олтин медаль соҳиби бўлди. Бу натижа унинг касбий билимлари, амалий тажрибаси ва янгилик яратишга бўлган интилишлари халқаро миқёсда ҳам муносиб баҳоланганини кўрсатади.

Диёрбек Исматовнинг изланишларида эса муҳандислик ва инновация устувор йўналишга айланган. У замонавий технологияларни чуқур ўзлаштириш, янги ғояларни амалиётга татбиқ этиш ва ўз ишланмаларини такомиллаштириш устида мунтазам ишлаб келмоқда.
2026 йил 9–15 апрель кунлари Саудия Арабистонида ўтказилган EWAthon халқаро мусобақасида муваффақиятли иштирок этган Диёрбек юқори натижа қайд этиб, Малайзиядаги ITEX–2026 халқаро инновациялар кўргазма-мусобақасида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди.
18–20 май кунлари Малайзияда бўлиб ўтган мазкур нуфузли танловда ўз инновацион ишланмаси билан иштирок этган ёш 1-ўринни эгаллаб, олтин медаль билан тақдирланди. 37 давлатдан 1000 нафардан ортиқ иштирокчи қатнашган мусобақадаги бу ғалаба Диёрбекнинг билим ва салоҳиятига берилган юксак баҳо бўлди.
Бироқ ҳақиқий изланувчи учун медаль якуний манзил эмас, балки янги мақсадлар сари ташланган навбатдаги қадамдир. Диёрбек айни пайтда янги технологик лойиҳа устида иш олиб бормоқда. У ўз ишланмасини такомиллаштириш, унинг имкониятларини кенгайтириш ва келажакда сунъий интеллект технологиялари билан интеграция қилиш йўлларини ўрганмоқда.
Донёр ва Диёрбекнинг фаолиятига назар ташласак, бир-биридан фарқлидек кўринган энергетика, инновация, хорижий тил, амалий тажриба ва илмий изланишлар аслида ягона мақсад — замонавий талабларга жавоб берадиган, рақобатбардош ва янгилик яратишга қодир мутахассис бўлиш мақсади атрофида бирлашганини кўрамиз.

— Техникумимизнинг икки нафар ўқувчиси давлат мукофоти — “Келажак бунёдкори” медали билан тақдирланиши биз учун кутилмаган, аммо, жуда қувончли янгилик бўлди. Бу эътироф ёшларимизга билдирилаётган ишончнинг ифодаси. Уларнинг ютуғи бошқа ўқувчиларимизга ҳам катта рағбат беради, — дейди Ширин энергетика техникуми директори Алфаробий Хусанов.
Бугун техникумда 640 нафар ёш таҳсил олмоқда. Уларнинг ҳар бири эгаллаётган касб шунчаки бир ихтисос эмас. Зеро, энергетика мамлакат иқтисодиётининг муҳим таянчи бўлиб, унинг барқарор фаолияти саноат, янги корхоналар, хизмат кўрсатиш соҳаси, аҳоли фаровонлиги ва рақамли иқтисодиётнинг узлуксиз ривожини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
Айни пайтда энергетика тизими жадал янгиланмоқда. Кечаги тасаввурлар ўрнини қуёш ва шамол электр станциялари, энергияни сақлаш тизимлари, автоматлаштириш, рақамли бошқарув ҳамда интеллектуал тармоқлар эгалламоқда. Булар энди узоқ келажак режаси эмас, балки бугун ҳаётга татбиқ этилаётган технологиялардир.
Демак, соҳада меҳнат қиладиган мутахассис ҳам замон билан ҳамнафас бўлиб, янги билим ва кўникмаларни мунтазам ўзлаштириб бориши зарур.
Шу боис, Ширинда эгалланган билим ва кўникмалар бир ҳудуд доирасида қолиб кетмайди. Улар юртимизнинг турли нуқталаридаги энергетика объектларида, янги лойиҳалар ва замонавий ишлаб чиқариш жараёнларида ўз ифодасини топади.
Донёр ва Диёрбекнинг босиб ўтаётган йўли ҳам ана шу имкониятларнинг амалий натижасидир. Бугун уларнинг кўксида “Келажак бунёдкори” медали бор. Аммо, бу медаль ортида қисқа муддатдаги изланишлар эмас, балки устозлар кўмаги, амалий тажриба, қатъият, меҳнат ва ёшларга яратилган кенг имкониятлар мужассам.
Энг муҳими, бугунги ютуқлар уларнинг тенгдошларини ҳам изланишга, янги марралар сари интилишга руҳлантирмоқда. Зеро, келажакни тайёр ҳолда кутиб олиб бўлмайди — уни билим, меҳнат ва ташаббус билан яратиш керак. Бунинг учун эса пухта билим, мустаҳкам касбий кўникма, амалий тажриба ва ўз салоҳиятига ишонган ёшлар зарур.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири