Мурожаатдан ечимга: сув таъминотида аҳоли билан мулоқот самарадорлиги ошмоқда
Ичимлик суви хонадонга узлуксиз етиб бориши, тармоқдаги носозликлар ўз вақтида бартараф этилиши, тўловлар билан боғлиқ масалаларда истеъмолчига қулайлик яратилиши – аҳолини энг кўп ўйлантирадиган кундалик масалалардан. Шу боис сув таъминоти соҳасида хизмат сифатини ошириш фақат техник инфратузилмани яхшилаш билан эмас, балки одамларнинг мурожаатларини ўз вақтида эшитиш, муаммоларни жойида ўрганиш ва аниқ ечим топиш билан ҳам чамбарчас боғлиқ.
“Ўзсувтаъминот” акциядорлик жамияти тизимида бу йўналишдаги ишлар янги босқичга кўтарилмоқда. Асосий эътибор аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқотни кучайтириш, мурожаатларнинг сабабларини ўрганиш ва уларни ҳал этиш самарадорлигини оширишга қаратилган.
Бу борада Президентимизнинг 2026 йил 1 апрелдаги “Аҳоли билан мулоқот тизимини самарали ташкил қилиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ҳамда жамият бошқаруви раисининг тегишли буйруғи ижроси доирасида қатор амалий чора-тадбирлар белгиланган. Хусусан, ҳудудларда ишчи гуруҳлар ташкил этилиб, маҳаллаларда ўрганишлар ва сайёр қабуллар ўтказилмоқда. Маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, ҳоким ёрдамчилари билан ҳамкорликда аҳолини қийнаётган масалалар аниқланиб, уларнинг ечими бўйича жойида чоралар кўрилмоқда.
Бу ҳақда “Ўзсувтаъминот” акциядорлик жамияти ахборот хизмати раҳбари Акмал Муродов иштирокида ўтказилган брифингда маълум қилинди.
Амалга оширилаётган ишлар натижаси мурожаатлар статистикасида ҳам акс этмоқда. Жумладан, 2025 йилнинг дастлабки ўн ойида жамиятга жами 20 минг 942 та мурожаат келиб тушган бўлса, 2026 йилнинг шу даврида бу кўрсаткич 16 минг 376 тани ташкил этди. Яъни мурожаатлар сони 22 фоизга камайган.
Президент Халқ қабулхоналари орқали келиб тушган мурожаатлар сонида ҳам пасайиш кузатилган. 2025 йилнинг ўн ойида 19 минг 347 та мурожаат қайд этилган бўлса, 2026 йилда бу кўрсаткич 15 минг 275 тани ташкил этган. Уларнинг 95,8 фоизи қаноатлантирилган.
Мурожаатлар таркиби таҳлили аҳолини, асосан, ичимлик суви таъминотидаги узилишлар, тармоқлардаги авариялар, сув босимининг пастлиги ва етказиб бериш жадвали билан боғлиқ масалалар ташвишга солаётганини кўрсатади. Мазкур йўналишдаги мурожаатлар сони 7 минг 677 тадан 6 минг 911 тага камайган. Тўловлар, қарздорлик, қайта ҳисоб-китоб, тармоқдан узиш ва қайта улаш билан боғлиқ мурожаатлар ҳам 4 минг 975 тадан 4 минг 419 тага тушган.
Албатта, мурожаатлар сонининг камайиши муҳим кўрсаткич. Бироқ соҳадаги иш самарадорлиги, энг аввало, муаммоларнинг бартараф этилиши ва уларнинг такрорланишига сабаб бўлаётган омиллар аниқланиши билан белгиланади.
Шу мақсадда аҳоли билан мулоқотнинг бир нечта тезкор механизми йўлга қўйилган. Хусусан, 12-55 қисқа рақамли колл-марказ хизмати ҳафтанинг етти куни, сутка давомида фаолият кўрсатмоқда. 2026 йилнинг ўн ойида мазкур рақам орқали 15 минг 181 та мурожаат қабул қилинган. Шунингдек, Телеграм чат-канали орқали ҳар ойда 4 мингдан ортиқ мурожаат келиб тушмоқда.
Аҳоли билан бевосита мулоқотни кучайтириш мақсадида Президент Халқ қабулхоналари ва маҳалла вакиллари билан ҳамкорликда жорий йилнинг ўтган ўн ойида 3 мингдан ортиқ сайёр қабул ўтказилди. Бу эса муаммоларни фақат идорага келиб тушган мурожаатлар асосида эмас, балки жойларга чиққан ҳолда ўрганиш ва уларнинг асл сабабларини аниқлаш имконини бермоқда.
Жамоатчилик назорати ҳам эътибордан четда эмас. Оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда эълон қилинган 722 та танқидий материал ўрганилиб, уларда кўтарилган масалалар юзасидан тегишли чоралар кўрилган ва расмий муносабатлар билдирилган.
Мурожаат қилиш имкониятларини кенгайтириш борасида ҳам муайян ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Тошкент шаҳри ва Фарғона вилояти учун ишонч телефонлари ишга туширилди, электрон почта ҳамда Телеграм-бот орқали мурожаат юбориш имконияти яратилди. Истеъмолчилар учун шахсий кабинет хизмати йўлга қўйилиб, @uzsuvbot такомиллаштирилди. Шунингдек, автотранспорт ва махсус техникалар ҳаракатини назорат қилиш мақсадида GPS тизими жорий этилди.
Бугунги кунда “Ўзсувтаъминот” акциядорлик жамияти тизими 32 миллиондан ортиқ истеъмолчига хизмат кўрсатмоқда. Бундай катта қамровда хизмат сифатини таъминлашда нафақат мурожаатларни тезкор қабул қилиш, балки истеъмолчиларга зарур маълумотларни ўз вақтида етказиш ҳам муҳим. Шу нуқтаи назардан, жорий йилнинг ўтган даврида қарздор истеъмолчиларни хабардор қилиш мақсадида 8 миллиондан ортиқ қисқа хабарнома юборилган.
Эътиборли жиҳати, мурожаатлар билан ишлашда хонадонма-хонадон ўрганиш амалиётига ҳам алоҳида аҳамият берилмоқда. Бу орқали аҳолини қийнаётган масалалар, уларнинг келиб чиқиш сабаблари аниқланиб, бартараф этиш чоралари белгиланмоқда.
Зеро, ичимлик суви таъминотидаги ҳар бир муаммо ортида инсонларнинг кундалик эҳтиёжи, турмуш шароити ва ҳаёт сифати билан боғлиқ масалалар туради. Шу боис мурожаатларга шунчаки статистик кўрсаткич сифатида эмас, балки хизмат сифатини яхшилашга хизмат қиладиган муҳим мезон сифатида қараш лозим.
Сувни қадрлаш, ундан оқилона фойдаланиш билан бирга, уни аҳолига ўз вақтида ва сифатли етказиб бериш учун масъулиятни ҳис этиш ҳам соҳадаги ҳар бир ходимнинг муҳим вазифасидир.
Нилуфар Бозорова, ЎзА