Муқаддас сафардан қайтган ҳожиларга эҳтиром
Инсон умрида шундай унутилмас ва шарафли сафарлар бўладики, улар қалбни поклайди, руҳни юксалтиради ва инсонни эзгулик сари етаклайди. Ислом оламининг энг улуғ ибодатларидан бири саналган Ҳаж зиёрати ҳам ана шундай муқаддас ва беқиёс неъматдир. Бу сафарга муяссар бўлган инсон нафақат ўзининг, балки оиласи, маҳалласи ва бутун юртининг эзгу ниятларини қалбида олиб боради.
Айни кунларда муқаддас Макка ва Мадина заминларида Ҳаж амалларини адо этиб қайтган юртдошларимизни кутиб олиш тадбирлари мамлакатимиз бўйлаб кўтаринки руҳда ўтказилмоқда. Жорий йилда давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан ташкил этилган “Президент ҳожиси” дастури доирасида Бухоро вилоятидан ҳам 7 нафар фуқаро ушбу юксак мақомга сазовор бўлиб, муборак зиёратни адо этиш бахтига муяссар бўлган эди.
Муқаддас сафардан қайтган дастлабки бухоролик ҳожилар тантанали равишда кутиб олинди. Унда Бухоро вилоят ҳокимининг ўринбосари Азизбек Қаландаров, вилоят бош имом-хатиби Жобир домла Элов бошчилигидаги мутасаддилар, кенг жамоатчилик вакиллари ҳамда ҳожиларнинг яқинлари иштирок этди.

Қувонч ва ҳаяжонга тўла учрашувда зиёратчилар муборак Ҳаж амалларини соғ-омон адо этиб қайтганликлари муносабати билан самимий табрикланди. Уларга Аллоҳ таолонинг розилиги, қилган ибодат ва дуоларининг қабул бўлиши тилаб қолинди.
Айниқса, “Президент ҳожилари” давлатимиз томонидан яратилган кенг имкониятлар, зиёратчилар учун кўрсатилган юксак ғамхўрлик ва эътибор учун Президентимиз ҳамда сафарни юқори даражада ташкил этган мутасаддиларга чуқур миннатдорлик билдирди. Улар муқаддас Каъба атрофида, Масжид ан-Набавий ва бошқа табаррук масканларда мамлакатимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги, юртимиз тараққиёти ҳамда ёшларимизнинг бахтли келажаги учун дуолар қилганликларини мамнуният билан таъкидлади.

Ҳаж сафари инсонни маънан камолот сари етаклайдиган, меҳр-оқибат, сабр-тоқат ва шукроналик туйғуларини мустаҳкамлайдиган улкан ҳаёт мактабидир. Бу муқаддас зиёратдан қайтган ҳар бир ҳожи юртимизда эзгулик, бағрикенглик ва инсоний фазилатларни тарғиб этишда ўзига хос маънавий элчи вазифасини бажаради.
Бугун юртимизда инсон қадрини улуғлаш, фуқароларнинг диний эҳтиёжларини таъминлаш ва уларнинг орзу-интилишларини рўёбга чиқариш давлат сиёсатининг муҳим устувор йўналишларидан бирига айлангани мазкур хайрли ишларда яна бир бор ўз ифодасини топмоқда.
Муқаддас сафардан қайтган ҳожиларнинг юзидаги нур, қалбидаги шукроналик ва дуоларидаги самимият халқимизга хос эзгу қадриятларнинг ёрқин ифодасидир.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири