Мукаммал таъмирланди
Сирдарё вилоятида электр энергияси таъминоти барқарорлигини таъминлаш, авария ҳолатларининг олдини олиш ҳамда истеъмолчиларга сифатли хизмат кўрсатиш мақсадида электр тармоқларида кенг кўламли мукаммал ва жорий таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда. Мазкур чора-тадбирлар энергетик тизимнинг ишончлилигини ошириш ва электр энергияси йўқотишларини камайтиришга қаратилган.

“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Сирдарё ҳудудий филиали ҳамда унинг туман ва шаҳар электр таъминоти корхоналари томонидан амалга оширилаётган ишлар доирасида мавжуд инфратузилма босқичма-босқич модернизация қилинмоқда.
Хусусан, Гулистон шаҳар электр таъминоти корхонаси мутахассислари томонидан Сайқал маҳалласи ҳудудида жойлашган 10 кВли “Алпомиш” ҳаво электр узатиш тармоғида мукаммал ва жорий таъмирлаш ишлари бажарилди. Жараён давомида тармоқнинг техник ҳолати яхшиланиб, ишончлилигини ошириш мақсадида янги ажратгичлар ўрнатилди.
– Мазкур профилактик ишлар электр тармоқларида юзага келиши мумкин бўлган носозлик ва авария ҳолатларининг олдини олиш, истеъмолчиларни узлуксиз ва сифатли электр энергияси билан таъминлашда муҳим аҳамият касб этади, – дейди Гулистон шаҳар электр таъминоти корхонаси бош муҳандиси Раҳмиддин Маллаев.
Режага мувофиқ, 2026–2027 йиллар мавсумини барқарор ўтказиш мақсадида Гулистон шаҳар электр таъминоти томонидан умумий узунлиги 92,5 километрни ташкил этувчи 0,4–10 кВли ҳаво электр узатиш тармоқлари ҳамда 38 та трансформатор пунктларида босқичма-босқич мукаммал таъмирлаш ишларини амалга ошириш белгиланган. Ҳозирда ишлар тасдиқланган график асосида изчил давом этмоқда.
Энг муҳими, ушбу кенг кўламли ишлар электр энергияси таъминоти барқарорлигини таъминлаш билан бирга, аҳоли турмуш сифатини ошириш ҳамда иқтисодиёт тармоқларининг узлуксиз фаолиятини таъминлашда муҳим роль ўйнамоқда.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири