НАТОнинг “Шерик давлатлар куни-2026” тадбирида Ўзбекистон салоҳияти намойиш этилди
Бельгиянинг Монс шаҳрида жойлашган НАТОнинг Бирлашган қўшинлари Бош қўмондонлиги Амалиётлар бўйича қароргоҳи (SHAPE)да “Шерик давлатлар куни-2026” тадбири бўлиб ўтди.
Аъзо ва шерик давлатлар вакиллари иштирок этган мазкур анжумандан кўзланган асосий мақсад ўзаро ҳамкорлик ва дўстона муносабатни мустаҳкамлаш, шунингдек иштирокчи мамлакатлар маданий мероси ва сайёҳлик имкониятини кенг жамоатчиликка танитишдан иборат эди.
2005 йилдан буён анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган тадбирда бу йил 20 дан зиёд давлат вакиллари тўпланди. НАТО тузилмаларида фаолият юритаётган 300 нафарга яқин ҳарбий хизматчи, мутахассис ва уларнинг оила аъзолари меҳмон бўлди.

SHAPE бошлиғи ўринбосари, Ҳарбий ҳамкорлик директорати бошлиғи адмирал Юсуф Қорагули бундай маданий учрашувлар турли халқлар ўртасида ўзаро ҳурмат, ишонч ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидлади.
Қайд этилишича, НАТО айни пайт ҳамкорлик қилиб келаётган 35 давлатдан 27 таси SHAPEда рўйхатдан ўтган, 20 давлат қароргоҳ ҳудудида доимий ваколатхонага эга.
Анжуман доирасида ташкил этилган, мамлакатимизнинг бой тарихий-маданий мероси, халқ ҳунармандлиги намуналари ва миллий анъаналари акс этган кўргазма – Ўзбекистон миллий павильони меҳмонларда алоҳида қизиқиш уйғотди. Шунингдек, иштирокчиларга Ўзбекистоннинг туризм салоҳияти ҳақида маълумот берувчи маълумотномалар тарқатилди. Махсус дастур асосида меҳмонларга ўзбек миллий таомлари тақдим этилди.
Тадбир мамлакатимизнинг халқаро майдондаги ижобий имижини янада яхшилаш, миллий маданият ва туризм имкониятини кенг тарғиб қилишга қаратилди.
Б.Худойбердиев, ЎзА