Муҳаммад Рафиқ Қобилов: Ўзбекистонда кутганимдан ҳам кўпроқ билим оляпман
Тожикистонлик Муҳаммад Рафиқ Қобилов бугунги кунда Ўзбекистоннинг нуфузли олий таълим муассасаларидан бири – Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида таҳсил олмоқда. “Ёшлар овози” рукни доирасида унинг таҳсил олиш учун Ўзбекистонни танлагани, талабалик ҳаёти, Тошкентга мослашиш жараёни ҳамда келажакдаги орзу-мақсадлари хусусида қисқа суҳбат уюштирдик.
– Айтингчи, олий маълумот олиш учун хорижий мамлакатлар ичида нега айнан Ўзбекистонни танлагансиз?
– Тожикистоннинг Турсунзода шаҳриданман. Ўн биринчи синфда ўқиётганимда ота-онам ва акам менга жуда кўп университетларни таклиф қилишди. Асосан, Европа ва бошқа қитъалардаги, ватанимдан узоқдаги ўлкалар университетларини. Менга эса юртимга яқинроқ жойда ўқиш қулай эди, чунки оилада кенжа ўғилман. Бунгача ҳечам узоққа сафар қилмаганман. Тўғри, аввалига Корея ёки Хитойда ўқишни хоҳлагандим. Барибир, охир-оқибат қардош Ўзбекистонда тўхталдим. Зеро, бу замин ҳозир бошқа мамлакатлардан ҳеч жабҳада қолишмайди. Мен танлаган Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети (ЖИДУ) эса мамлакатдаги етакчи олий ўқув юртларидан биридир.
– ЖИДУ ҳақида қаердан маълумот олдингиз ва сизни бу даргоҳнинг нимаси жалб қилди?

– Бу университет ҳақида мактабда ўқувчилик пайтимдаёқ эшитганман. Акам интернет орқали бу таълим маскани тўғрисида ҳамма маълумотни топиб, менга айтди. Ўзимга ҳам бу университет ёқди, чунки халқаро муносабатлар йўналишига жуда қизиқардим. Шундан кейин отам билан келиб, университетни кўрдик, қулайликлар, ўқиш даражаси билан танишдик. Ҳаммаси юқори даражада экан.
– Ўқиш учун юртингиздан олисда бўлиш қийин кечмаяптими? Ота-онангиз бунга қандай муносабат билдиришди?
– Ҳа, бошида бироз қийин бўлди, чунки туғилиб ўсган Ватандан, ота-онадан, оиладан узоқда яшаш... Дадам тезда рози бўлдилар, онам эса, боя айтганимдек, кенжа фарзанд бўлганим учун дастлаб қарши чиқдилар. Кейин эса ота-онам биргаликда мени қўллаб-қувватлашди.
– Тошкентга мослашиш қандай кечди?
– Мослашишга қийналмадим, чунки мен аввал ҳам бу шаҳарда бир неча марта бўлганман. Тошкент, Ўзбекистон мен учун иккинчи ватан каби. Ахир, ўзбек ва тожик азалий биродар. Фақат тилимизда фарқ бор, маданият, қадрият, урф-одатлар жуда ўхшаш.
– Талаба сифатида университетингиздаги таълим даражасини қандай баҳолайсиз?
– Тўғриси, ЖИДУда кутганимдан ҳам кўпроқ билим оляпман. Зеро, Ўзбекистондаги олий ўқув юртларини нафақат Марказий Осиёдаги етакчи олий таълим даргоҳлари, балки ривожланган давлатлардаги, Европа ёки Америка университетлари билан бемалол қиёслаш мумкин. Масалан, бизнинг университетда ҳаммаси ажойиб: имтиҳон топшириш, ўқиш, вазифани юклаш ёки дарсга қатнашиш… Ҳаммаси юқори даражада.
– Биринчи йил қандай қийинчиликларга дуч келдингиз ва тўсиқларни қандай енгиб ўтдингиз?
– Ўзбек тилини биламан, лекин грамматикани ҳали тўлиқ ўзлаштира олганим йўқ. Биринчи чоракда ўзбек тилини ўргандик. Бошқа қийинчилик сезилмади. Бирор масала чиқса, курсдошларим, дўстларим доим ёрдам беришади, қўллаб-қувватлашади.
– Ўқишни тугатиб Тожикистонга қайтасизми ёки бошқа режалар борми?
– Ўқишни тугатгач, албатта юртимга қайтаман. Ватанимда ҳарбий хизматни ўтайман. Тожикистонда “Ҳар як фарзанд бояд хизмат кунад, хизмат ҳам фарзу қарз аст ҳар як фарзанд аст” деган гап бор. Маъноси – Ҳар бир йигит ҳарбий хизматга бориши керак, бу ҳам қарз, ҳам фарз.
Шундан сўнг ўқишни Европада, магистратурада давом эттирмоқчиман. Англия ё Италияда ўқиш ниятим бор. Зеро, қандай соҳада бўлмасин, етакчи бўлиш яхши.
Ораш Акабоев суҳбатлашди.
ЎзА