Мудофаа вазирлиги олий ҳарбий таълим муассасаларида курсантлар Ватанга қасамёд қабул қилди
1 сентябрь куни жорий йилда Мудофаа вазирлиги олий ҳарбий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилинган биринчи босқич курсантларининг тантанали “Ватанга қасамёд” тадбирлари бўлиб ўтди.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий хавфсизлик ва мудофаа университетида мазкур олий ҳарбий таълим муассасасига янги қабул қилинган курсантлар Ватанга қасамёд қабул қилди.

Тантанали тадбирларда мудофаа вазири, генерал-лейтенант Шуҳрат Холмуҳамедов, Мудофаа вазирлиги Жамоатчилик кенгаши аъзолари, ҳарбий хизматчилар, ота-оналар ва курсантлар иштирок этди. Сўзга чиққанлар курсантларни она Ватанни қўриқлаш каби шарафли касбни эгаллаш йўлидаги илк қадамлари билан қутлади.

Бу йилги “Ватанга қасамёд” маросими ўзгача руҳ ва мазмунда ўтказилди. Аввалги маросимлардан фарқли равишда, янги қабул қилинган барча курсантлар қасамёд сўзларини биргаликда, жўр бўлиб, бир овоздан баралла айтиб, Ватанига, халқига ва Президентига садоқат билан хизмат қилишга аҳд этишди.

Аждодларининг пок руҳи олдида бош эгиб, Ватан байроғини ўпган курсантлар учун бу лаҳзалар шунчаки маросим эмас, балки авлодлар олдидаги масъулиятни қалбан ҳис этиш, муқаддас қасамёдга содиқ қолиш ва юрт ҳимоячиси деган шарафли номга муносиб бўлишга берилган тантанали ваъда бўлди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси ҳарбий хавфсизлик ва мудофаа университетининг Ахборот-коммуникация технологиялари ва алоқа ҳарбий институти ҳамда Ҳарбий тиббиёт институтида ҳам “Ватанга қасамёд” тантаналари юқори савияда ўтказилди.
Институтларда ўтказилган маросимларда кенг жамоатчилик вакиллари юртимизда ҳарбий хизматчилар учун яратилаётган шароитлар, уларнинг ижтимоий ҳимояси йўлидаги ислоҳотлар ҳақида гапирар экан, барчанинг ўқиш ва кейинги хизматларига муваффақиятлар тилади.
Абдулазиз РУСТАМОВ,
ЎзА