Муаммолар аниқланиб, уларни ҳал қилиш муддатлари белгиланди
Сирдарё вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Дониёр Қодиров Мирзаобод туманининг чекка ҳудудларидан бири — Баҳористон маҳалласида бўлиб, аҳоли турмуш шароити, бандлик, инфратузилма ва ободонлаштириш билан боғлиқ масалаларни жойида ўрганди. Ташриф давомида йиллар давомида ечимини кутаётган муаммолар, шунингдек, ҳудуддаги мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш ҳолати танқидий таҳлил қилинди.
Дастлаб камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш масаласи муҳокама этилди. Маълум бўлишича, маҳаллада 32 нафар фуқаро ишсиз. Бироқ уларни иш билан таъминлаш, мавжуд имкониятлардан фойдаланиб, даромад манбаларини шакллантириш борасида масъуллар етарли ташаббус кўрсатмаган.

Вилоят раҳбари, айниқса, аҳоли томорқаларидан унумли фойдаланишга эътибор қаратди. Маҳалла ҳоким ёрдамчиси ва бошқа масъуллар ҳар бир хонадон билан манзилли ишлаб, томорқада қандай экин экиш, ундан қанча даромад олиш мумкинлигини аниқ ҳисоб-китоблар асосида тушунтириши зарурлигини таъкидлади.
— Томорқангга қара, экин эк. Ҳоким ёрдамчиси хонадонма-хонадон юриб, картошка ёки сабзи эксангиз, қанча даромад олишингизни ҳисоб-китоб қилиб кўрсатиши керак. Томорқалардаги кўплаб ерлар бўш ётибди, — деди вилоят раҳбари.
Танқидий таҳлил якунида масъуллар фаолиятига баҳо берилиб, камчиликларга йўл қўйганларга нисбатан қатъий чоралар кўриш вазифаси белгиланди. Маҳалла еттилиги ва нуронийлар зиммасига аҳоли ўртасида тушунтириш ишларини кучайтириш, ҳар бир қарич ердан унумли фойдаланиш ва томорқаларни қўшимча даромад манбаига айлантиришга кўмаклашиш вазифаси юклатилди.
Аҳолини йиллар давомида қийнаб келаётган ичимлик суви муаммоси ҳам эътибордан четда қолмади. Айни пайтда қўшни Шодлик маҳалласидан Баҳористонга сув тармоқларини тортиш ишлари олиб борилмоқда. Вилоят раҳбари ички тармоқларни синовдан ўтказиш ва хонадонларни тоза ичимлик суви билан таъминлаш ишларини бир ҳафта муддатда якунлашни топширди. Шунингдек, иш сўраб мурожаат қилган Ҳаётбекнинг бандлиги масаласи ҳам жойида ҳал этилди.

Маҳалладаги яна бир долзарб муаммо — икки йил аввал қурилган бўлса-да, ҳануз ишга туширилмаган марказлашган иссиқлик тизими. У олтита кўп қаватли уйдаги 72 та хонадонни иситишга мўлжалланган. Қозонхонани ишга тушириш учун зарур маблағ ажратилиши маълум қилинди. Асосий талаб — тизимни ишга тушириш ва унинг барқарор ишлашини таъминлаш. Зеро, қиш мавсумида аҳоли қўлбола иситиш воситаларидан фойдаланишга мажбур бўлмаслиги керак.
Маҳалла ободонлиги ва санитария ҳолати ҳам танқидий кўздан кечирилди. Кўчаларда чиқиндилар тўпланиб қолаётгани, аҳоли ўртасида тозаликка риоя этиш бўйича тушунтириш ишлари сустлиги кўрсатиб ўтилди. Ҳудудни озода сақлаш, чиқиндиларни ўз вақтида олиб чиқиш ва бу борада масъулларнинг жавобгарлигини ошириш юзасидан аниқ вазифалар белгиланди.

Қиш мавсумига тайёргарлик доирасида 678 нафар ўқувчи таҳсил олаётган 32-мактабдаги шароитлар ҳам ўрганилди. Хусусан, иситиш тизимининг ҳолати кўздан кечирилиб, синфхоналарда зарур ҳароратни таъминлаш, ўқувчилар учун қулай ва хавфсиз муҳит яратиш масалаларига эътибор қаратилди. Бу борадаги ишлар доимий назоратда бўлиши белгиланди.
Маҳалладаги яна бир эътибордан четда қолган объект — қаровсиз ҳолатга келган 34-сонли «Шодлик» маданият маркази биноси. Ушбу бинодан самарали фойдаланиш мақсадида уни тадбиркорга бериш, бу ерда ишлаб чиқариш фаолиятини йўлга қўйиш ва янги иш ўринлари яратиш зарурлиги таъкидланди.
Мураббийлар кўчасидаги 400 метрлик йўлнинг ҳолати ҳам жойида кўздан кечирилди. Ёғингарчилик кунлари лойга айланиб, аҳоли ҳаракатига қийинчилик туғдираётган йўлни қисқа муддатда таъмирлаш бўйича топшириқлар берилди.
Кўп қаватли уйларда истиқомат қилувчилар эса уч йил аввал таъмирланган томлардан ёмғирли кунларда яна сув ўтаётгани, бошқарув сервис компанияси фаолиятидан норози эканини билдиришди. Мурожаат тезкорлик билан кўриб чиқилиб, шу куннинг ўзидаёқ томни таъмирлаш учун зарур материаллар олиб келинди ва ишлар бошланди.

Баҳористондаги ўрганишлар ҳудудда ечимини кутаётган масалалар билан бир қаторда, ишга солинмаган имкониятлар ҳам талайгина эканини кўрсатди. Ишсиз фуқароларни банд қилиш, томорқалардан самарали фойдаланиш, ичимлик суви ва иссиқлик таъминотини яхшилаш, йўлларни таъмирлаш, фойдаланилмаётган биноларни ишга солиш — буларнинг барчаси аҳоли турмуш сифатини яхшилашда муҳим аҳамиятга эга.
Эндиликда асосий вазифа — белгиланган муддатларда топшириқларни сифатли бажариш ва ҳар бир муаммонинг амалий ечимини таъминлаш. Энг муҳими, ҳудуддаги ўзгаришлар, аввало, аҳоли ҳаётида сезилиши керак.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири