Бир нуроний – ўн ёшга масъул
Наманган шаҳридаги “Маърифат” масканида юртимиз бўйлаб анънавий равишда ўтказиб келинаётган “Бир нуроний – ўн ёшга масъул” кўрик-танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.
Ўзбекистон фахрийларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси ҳамда Наманган вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур тадбирда танловнинг шаҳар, туман босқичларида сараланган нуроний иштирокчилар ҳамда уларни олқишлаш учун келган хайрихоҳ меҳмонлар, жамоатчилик вакиллари иштирок этишди.
Тадбир аввалида сўзга чиққан Наманган вилояти ҳокимининг ўринбосари Жамшид Ҳотамов, “Нуроний” жамғармаси Наманган вилояти бўлими раиси, сенатор Икромхон Нажмиддиновлар нуронийларнинг ёш авлод тарбиясидаги ўрни, кўпни кўрган кексаларнинг бой ҳаётий тажрибаси ва ибратли маслаҳатлари жамият маънавий ҳаётида муҳим ўринга эга эканлигини таъкидлашди.

“Бир нуроний – ўн ёшга масъул” тамойили ёш авлодни миллий қадриятлар руҳида тарбиялаш, уларни эзгуликка йўналтириш, уюшмаган ёшларни қўллаб-қувватлаш ҳамда маҳаллаларда соғлом маънавий муҳитни мустаҳкамлашда алоҳида аҳамиятга эга. Бинобарин, ҳаёт синовларида тобланган нуронийларнинг насиҳати ва шахсий намунаси ёшлар учун катта ҳаётий сабоқдир.

"Бир нуроний — ўн ёшга масъул» тамойили тарбия масаласига аниқ масъулият ва амалий вазифалар нуқтаи назаридан ёндашиши билан эътиборга молик. Ушбу ташаббус доирасида нуронийлар ёшлар билан мунтазам мулоқот қилиши, уларнинг қизиқиши ва муаммоларини ўрганиши, ҳаётий тажрибаси билан ўртоқлашиши муҳимдир. Бироқ бу масъулият фақат насиҳат қилиш билан чекланмаслиги керак. Ёшларни тинглаш, уларнинг фикрини ҳурмат қилиш ва муаммоларини ҳал этишга кўмаклашиш ҳам самарали тарбиянинг устувор шартидир.
Танловнинг дастлабки шартида қатнашчилар ўз фаолиятлари билан таништиришди. Кейинги синовда маҳалладаги кексалар маслаҳат гуруҳи томонидан амалга оширилган ишлар, ёшлар билан олиб борилган маънавий-маърифий тадбирлар тақдим этилди.

Учинчи шартда эса фахрийларимиз ўзига бириктирилган ўн нафар ёш билан ишлаш, уларнинг муаммоларини ҳал этиш, жамиятда ўз ўрнини топишига кўмаклашиш борасидаги тажрибалари ҳақида сўз юритишди. Ҳар бир чиқишни нуфузли ҳакамлар ҳайъати белгиланган мезонлар асосида баҳолаб боришди.

Танловда Мингбулоқ тумани вакили Абдуқаҳҳор Раҳимов энг юқори натижани кўрсатиб, республика босқичида вилоят шарафини ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга бўлди. Учқўрғон туманидан Гулнора Даминова фахрли иккинчи ўринни эгаллади. Давлатобод тумани иштирокчиси Ақида Маматхонованинг иштироки учинчи ўринга муносиб кўрилди.

Танлов ғолиблари вилоят ҳокимлиги ва “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлимининг эсдалик совғалари ҳамда “Нуроний” жамғармасининг пул мукофотлари билан тақдирланишди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири