Маҳалла жиноятчиликдан холи бўлади
Маҳаллада осойишталик ўз-ўзидан қарор топмайди. Бунинг учун ҳар бир муаммони ўз вақтида аниқлаш, ҳуқуқбузарликка сабаб бўлаётган омилларни бартараф этиш ва аҳоли билан манзилли ишлаш зарур. Ховос туманидаги Еттигузар маҳалласини жиноятчиликдан холи ҳудудга айлантириш борасидаги ана шу вазифалар муҳокама марказида бўлди.
Шу мақсадда маҳаллада ўтказилган муҳокама йиғилишида туман ҳокими Қомус Йўлдошев, туман ИИБ бошлиғи Авазбек Тўрақулов, ички ишлар органлари ходимлари, маҳалла фаоллари, корхона ва ташкилотлар мутасаддилари ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирок этишди.
Мулоқотда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, муаммоли оилалар билан манзилли ишлаш, ёшлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларга йўл қўймаслик масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Муҳокама давомида ҳудуддаги мавжуд муаммолар, жиноят содир этилишига сабаб бўлиши мумкин бўлган омиллар таҳлил қилинди. Уларни барвақт аниқлаш ва бартараф этиш, профилактика ишларини самарали ташкил қилиш юзасидан масъулларга аниқ вазифалар белгилаб берилди. Бунда маҳалла фаоллари, профилактика инспекторлари ва тегишли ташкилотлар ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш муҳимлиги қайд этилди.
Муҳими, жиноятчиликнинг олдини олиш фақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг эмас, балки бутун жамоатчиликнинг ҳам вазифасидир. Шу боис Еттигузарда осойишталикни таъминлаш, фуқаролар хавфсизлигини мустаҳкамлаш ва ҳар бир хонадонда хотиржам ҳаёт муҳитини қарор топтириш борасидаги ишлар изчил давом эттирилади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири