Муаммо эшитилиши эмас, унинг ечими муҳим
Бугун тадбиркорлик — иқтисодий тараққиётнинг оддий бир йўналиши эмас, балки янги иш ўринлари, оилавий фаровонлик, ҳудудлар ободлиги ва жамиятдаги иқтисодий фаолликни таъминлайдиган муҳим кучга айланмоқда. Шу боис юртимизда тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ташаббусларига кенг йўл очиш, банк-молия тизими билан боғлиқ муаммоларини жойида ҳал этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан сўнгги йилларда тадбиркорлик субъектларига қулай шарт-шароит яратиш, уларни молиявий қўллаб-қувватлаш, ортиқча бюрократик тўсиқларни бартараф этиш ва давлат органларининг бизнес вакиллари билан очиқ мулоқотини кучайтириш янги босқичга кўтарилди. Бу жараённинг энг муҳим жиҳати — тадбиркорнинг муаммосини юқоридан туриб эмас, унинг ўзи билан очиқ мулоқот қилиш орқали ўрганиш ва амалий ечим топишдир.
Бухоро вилояти Ғиждувон туманида ташкил этилган очиқ мулоқот ана шу эзгу мақсаднинг амалий ифодаси бўлди. Тадбиркорлар ва кредит масалалари бўйича мурожаат қилган фуқаролар билан ўтказилган учрашувда туман ҳокими Ф. Умаров, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки раиси Т. Ишметов ҳамда тегишли ташкилот ва идораларнинг масъул раҳбарлари иштирок этишди.
Учрашувда асосий эътибор тадбиркорларнинг банк-молия тизими билан боғлиқ масалаларини бевосита эшитиш, улар дуч келаётган муаммоларни чуқур ўрганиш ва ҳар бир мурожаат бўйича аниқ амалий чора белгилашга қаратилди. Очиқ мулоқотнинг аҳамияти шунда бўлдики, бу ерда рақамлар ёки умумий кўрсаткичлар эмас, балки тадбиркорнинг аниқ муаммоси, режаси ва келгусида амалга оширмоқчи бўлган лойиҳаси марказга қўйилди.
Мулоқот давомида тадбиркорлар банк хизматларидан фойдаланиш, кредит маблағларини олиш, мавжуд кредит мажбуриятларини бажариш, молиявий қўллаб-қувватлаш, тадбиркорлик лойиҳаларини кенгайтириш ва бошқа масалалар юзасидан ўзларини қийнаётган савол ва муаммоларни очиқ баён этди.

Энг муҳими, билдирилган ҳар бир мурожаат умумий гаплар билан чекланиб қолмади. Масалалар алоҳида ҳолатлар кесимида кўриб чиқилиб, мутасаддилар томонидан зарур тушунтиришлар берилди. Айрим мурожаатлар юзасидан муаммони ҳал этишнинг аниқ механизмлари белгилаб олинди. Зеро, тадбиркорнинг ортига қайтарилган ҳар бир мурожаати ортида амалга ошмай қолиши мумкин бўлган бир лойиҳа, яратилмай қолиши мумкин бўлган янги иш ўрни, рўёбга чиқмай қолиши мумкин бўлган бир ташаббус бор. Шу маънода, тадбиркорнинг муаммосини ҳал этиш — фақат бир шахсга ёрдам бериш эмас. Бу орқали янги ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, хизмат кўрсатишни кенгайтириш, янги иш ўринлари яратиш, солиқ базасини ошириш ва ҳудуд иқтисодий салоҳиятини юксалтиришга замин яратилади.
Бугунги кунда давлат идоралари ва тадбиркор ўртасидаги муносабатларга нисбатан ёндашув ҳам ўзгармоқда. Тадбиркорга назорат объекти сифатида эмас, иқтисодиётни ҳаракатга келтирувчи куч сифатида қараш тобора устувор аҳамият касб этмоқда. Ғиждувондаги очиқ мулоқотда ҳам ана шу тамойил яққол намоён бўлди. Унда билдирилган ҳар бир мурожаатни белгиланган тартибда ўрганиш, натижаси бўйича амалий чора кўриш ва ижросини таъминлаш юзасидан масъулларга аниқ топшириқлар берилди. Бу эса “мурожаат қабул қилинди” деган қуруқ қайддан кўра, “муаммо қандай ҳал этилади?” деган саволга жавоб излаш муҳимлигини кўрсатади.

Айни жиҳат тадбиркорлар билан давлат ташкилотлари ўртасидаги мулоқотнинг мазмун-моҳиятини белгилаб беради. Чунки тадбиркорга керак бўлгани — ваъда эмас, натижа; тушунтириш эмас, ечим; умумий ёндашув эмас, унинг ҳолатига мос амалий кўмакдир.
Ғиждувон азалдан тадбиркорлик, ҳунармандчилик, савдо-сотиқ ва ишбилармонлик анъаналари шаклланган ҳудудлардан бири сифатида эътироф этиб келинади. Бугун эса бу анъаналар замонавий бизнес лойиҳалари, ишлаб чиқариш корхоналари, хизмат кўрсатиш объектлари ва янги инвестицион ташаббуслар билан уйғунлашмоқда. Бундай шароитда тадбиркорлик субъектларининг молиявий имкониятларини кенгайтириш, банк хизматларидан самарали фойдаланишини таъминлаш ва кредитлаш жараёнидаги мавжуд тўсиқларни бартараф этиш айниқса муҳим. Чунки ўз ғоясига эга тадбиркорга ўз вақтида берилган молиявий кўмак — эртанги катта натижанинг бошланиши бўлиши мумкин.
Бир тадбиркорнинг кичик устахонаси кейинчалик йирик ишлаб чиқариш корхонасига айланиши, бир оилавий бизнес янги иш ўринлари яратиши, бир янги хизмат тури эса бутун маҳаллада иқтисодий фаолликни ошириши мумкин. Шу боис тадбиркорнинг ҳар бир ташаббусини қўллаб-қувватлаш бугунги куннинг эмас, балки келажак тараққиётининг ҳам муҳим сармоясидир.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири