Кўп йиллик самарали меҳнат фаолияти муносиб тақдирланди
Инсон умрининг қадри унинг неча йил яшагани билан эмас, балки ортда қолдирган эзгу ишлари, эл-юрт равнақига қўшган ҳиссаси ва одамлар қалбида қолдирган яхши номи билан ўлчанади. Айниқса, бутун умрини таълим-тарбия, жамоат ишлари ва халқ хизматига бағишлаган инсонларнинг ҳаёт йўли бир авлод учун эмас, кейинги авлодлар учун ҳам ибрат мактаби бўлиб хизмат қилади.
Бухоро вилояти чўлқуварлар юрти Қоровулбозор туманида ана шундай шарафли ва сермазмун умр йўлини босиб ўтаётган инсонлардан бири — Сайфулло Тошев. Қарийб ярим аср давомида таълим ва бошқарув тизимида самарали меҳнат қилган, ўзининг фидойилиги, масъулияти ва одамлар билан самимий муносабати билан эл ҳурматини қозонган устознинг меҳнатлари яна бир бор муносиб эътироф этилди.
Давлатимизда инсон қадрини улуғлаш, кекса авлод вакилларининг кўп йиллик меҳнатини муносиб баҳолаш, уларнинг ҳаётий тажрибасидан ёшлар тарбиясида самарали фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Президентимиз ташаббуси билан нуронийларни эъзозлаш, уларнинг жамиятдаги мавқеи ва фаоллигини янада ошириш, кекса авлод вакилларининг ҳаётий тажрибасини ёш авлодга етказиш борасида амалга оширилаётган ишлар бугун ўзининг амалий ифодасини топмоқда. Сайфулло Тошевнинг ҳаёт йўли ҳам ана шу юксак эътиборнинг муносиб намунасидир.
Устознинг кўп йиллик самарали меҳнат фаолияти, таълим тизими ва жамоат ишларидаги хизматлари инобатга олиниб, у “I даражали Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони билан тақдирланган эди. Бугун эса ушбу юксак эътироф шарафига Сайфулло Тошевнинг хонадони дарвозасига рамзий пешлавҳа ўрнатилди.

Бу оддий бир пешлавҳа эмас. Унда бир инсоннинг қарийб ярим асрлик ҳалол меҳнати, касбига садоқати, эл хизматига бағишланган умри ва муносиб ҳаёт йўли мужассам. Энди бу хонадондан ўтар экан, ҳар бир киши ана шу инсоннинг ҳаётига назар ташлаб, меҳнат билан топилган обрў ва ҳурматнинг қанчалар улуғ қадрият эканини англайди.
Тантанали тадбирда туман ҳокими Ўткир Ҳамроев, нуронийлар, маҳалла фаоллари ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этишди.
Тадбирда сўзга чиққан туман ҳокими устознинг кўп йиллик самарали меҳнат фаолияти, таълим ва бошқарув соҳасидаги хизматлари, ёш авлод тарбиясига қўшган ҳиссаси ҳамда маҳалла ҳаётидаги фаол иштирокини алоҳида таъкидлади. Сайфулло Тошевнинг бугунги кунда ҳам маҳаллада фаол бўлиб, ёшларга ўзининг бой ҳаётий тажрибаси билан ўрнак кўрсатаётгани эътироф этилди.
Сайфулло Тошев 1955 йилда Когон туманида таваллуд топган. 1977 йилда Қоровулбозор туманига йўл олган ёш мутахассис бу маскан унинг ҳаётида шунчалар муҳим ўрин тутишини, тақдир уни ушбу замин билан узоқ йилларга боғлашини ўша пайтда, эҳтимол, тасаввур ҳам қилмаган. Аммо ҳаёт йўллари уни Қоровулбозор билан чамбарчас боғлади.
Ёш мутахассис меҳнат фаолиятини физика фани ўқитувчиси сифатида бошлади. Ўқувчиларга фан сирларини ўргатар экан, улар қалбига илмга қизиқиш, изланиш ва мақсад сари интилиш туйғуларини ҳам сингдирди. Унинг касбга бўлган садоқати, ташкилотчилик қобилияти ва одамлар билан ишлаш маҳорати кейинчалик уни масъулиятли лавозимларга етаклади.
У йиллар давомида мактаб директори, халқ таълими бўлими мудири каби масъулиятли вазифаларда фаолият юритди. Кейинчалик маҳалла раиси сифатида ҳам аҳоли манфаатларини ҳимоя қилиш, ҳудудда осойишталик ва ҳамжиҳатликни таъминлаш, ёшларни тўғри йўлга йўналтириш, оилалар билан ишлаш каби муҳим вазифаларга муносиб ҳисса қўшди. Шу тариқа унинг ҳаёт йўли оддий меҳнат фаолиятидан иборат бўлиб қолмади. Устоз учун ҳар бир лавозим, аввало, одамларга хизмат қилиш имконияти бўлди.
Бугун 70 ёшдан ошган Сайфулло Тошев “Тинчлик” маҳалласининг ҳурматли ва фаол нуронийларидан бири сифатида эътироф этилади. Унинг учун нафақа — фаол ҳаётдан четга чиқиш дегани эмас. Аксинча, йиллар давомида орттирилган тажриба бугун жамият учун яна бир катта бойликка айланган.
Кечаги ўқитувчи, мактаб раҳбари, таълим тизими мутасаддиси ва маҳалла раиси бугун ёшлар билан суҳбатларда, маҳалла ҳаётида, жамоат ишларида ўзининг ҳаётий тажрибаси билан иштирок этмоқда. Чунки йиллар давомида орттирилган тажриба, кўрилган ҳаёт сабоқлари ва одамлар билан ишлаш маданияти — катта авлоднинг ёшларга қолдирадиган энг қимматли меросидир.

Сайфулло Тошев оилада ҳам ибратли ҳаёт кечирди. Турмуш ўртоғи билан бирга тўрт нафар фарзандни тарбиялаб, уларни эл-юртга наф келтирадиган, ҳалол меҳнат ва эзгуликни ҳаёт мезони деб биладиган инсонлар этиб вояга етказди. Аслида, фарзанд тарбияси ҳам бир умрлик меҳнат. Унинг самараси эса йиллар ўтиб, фарзандларнинг камоли, жамиятдаги ўрни ва элга қилаётган хизматида намоён бўлади.
Хонадони дарвозасига ўрнатилган рамзий пешлавҳа Сайфулло Тошевнинг шахсий ютуғинигина ифодаламайди. У меҳнатни қадрлаш, устозни улуғлаш, кексаларга ҳурмат ва инсон қадрини юксалтириш каби азалий қадриятларнинг рамзидир. Бугун уни кўрган ёш авлод вакиллари “Инсон ўзидан кейин нима қолдиради?” деган савол ҳақида ўйлаши табиий.
Сайфулло Тошевнинг қарийб ярим асрлик меҳнат йўли ана шу ҳақиқатни яна бир бор тасдиқлайди. Устознинг ҳаётидаги ҳар бир босқич — таълимдаги фидойилик, бошқарувдаги масъулият, маҳалладаги жонбозлик, оиладаги матонат ва бугунги нуронийлик — бир-бирига уйғун ҳолда битилган ибратли умр саҳифаларидир.
Энг муҳими, бугун эъзозланаётган устознинг ҳаёт йўли ёшларга бир ҳақиқатни уқтиради: меҳнат билан топилган обрў йиллар ўтган сари қадрсизланмайди, аксинча, тобора юксалиб боради. Шу маънода, Қоровулбозордаги ушбу рамзий пешлавҳа бир инсоннинг шарафли меҳнат йўлига қўйилган эъзоз белгиси бўлиш билан бирга, бутун жамиятга қарата айтилган эзгу даъват ҳамдир: инсонни қадрланг, устозни улуғланг, нуронийни эъзозланг, меҳнатни шарафланг. Зеро, бугунги юксак эътироф — эртанги авлод учун ибратдир.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири