Москвада ташқи савдо битимларининг ҳуқуқий асослари кўриб чиқилди
Москва шаҳрида “Халқаро шартнома 2026: ҳуқуқ, санкциялар, карго-хавфлар ва битимнинг тўлов механизми” мавзусидаги халқаро анжуман бўлиб ўтди.
“ICC Russia” томонидан ташкил этилган ушбу тадбирда турли давлатлардан ҳуқуқшунослар, молия соҳаси вакиллари, логистика компаниялари мутахассислари, бизнес ҳамжамияти ҳамда “Иссиқлик электр станциялари” АЖ ходимлари иштирок этди.
Унда халқаро шартномаларни тузиш ва амалга ошириш жараёнларида қўлланиладиган ҳуқуқ ва юрисдикцияни танлаш, санкциялар таъсиридаги ҳуқуқий муносабатлар, экспорт назорати талаблари ҳамда ташқи савдо операцияларини ҳуқуқий жиҳатдан таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, ташқи иқтисодий фаолиятда учрайдиган карго-хавфларни бошқариш, логистика жараёнларини самарали ташкил этиш, халқаро битимлар бўйича ҳисоб-китобларни амалга ошириш ва тўлов механизмларини такомиллаштиришга оид амалий тажрибалар иштирокчилар эътиборига ҳавола этилди.
Тадбир доирасида халқаро шартномалардан бизнес жараёнларини бошқаришнинг самарали воситаси сифатида фойдаланиш, товарларни суғурталаш ва назорат қилиш, ҳужжатлар айланмасини рақамлаштириш ҳамда янги молиявий инструментларни жорий этиш бўйича экспертлар маърузалари тингланди.
Таъкидлаш керакки, мазкур анжуман ўзбек мутахассислари учун халқаро ҳуқуқ соҳасидаги сўнгги тенденциялар билан танишиш, илғор тажрибаларни ўрганиш ва ташқи савдо муносабатларини ҳуқуқий жиҳатдан янада самарали ташкил этиш бўйича билим ва кўникмаларни мустаҳкамлаш имконини берди.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА