Москва ва Пекиннинг яқинлашуви: Геосиёсат, иқтисодиёт ва кўп қутбли дунё стратегияси
2026 йил Россия ва Хитой муносабати халқаро сиёсатнинг энг муҳим геосиёсий ўқларидан бири сифатида намоён бўлмоқда. Пекинда бўлиб ўтган Владимир Путин ва Си Цзиньпин учрашуви нафақат икки давлат ўртасидаги навбатдаги дипломатик мулоқот, балки глобал кучлар мувозанати ўзгараётган бир шароитда стратегик йўналишларни белгилаб берган муҳим воқеа сифатида баҳоланяпти.
Айниқса, ушбу саммит Си Цзиньпиннинг АҚШ Президенти Дональд Трамп билан учрашувидан бир неча кун ўтиб ташкил этилгани халқаро майдонда катта сиёсий қизиқиш уйғотди. Бу ҳолат Пекин бир вақтнинг ўзида ҳам Вашингтон, ҳам Москва билан мулоқот марказида турганини кўрсатди. Натижада Хитой бугун нафақат иқтисодий гигант, балки глобал дипломатик жараённинг асосий иштирокчиси сифатида ҳаракат қилмоқда.
Сиёсатшунос Сайфиддин Жўраев мавзуга тўхталаркан, дастлаб учрашув якунида 20 та келишув имзолангани, “кўп қутбли дунё ва янги типдаги халқаро муносабатлар” тўғрисида декларация қабул қилинганига эътибор қаратди. Мазкур ҳужжатлар Россия ва Хитой муносабат энди фақат икки томонлама манфаат доирасида эмас, балки халқаро тизимнинг келажак модели билан ҳам боғланаётганини англатади.
Бугун Москва ва Пекин ҳамкорлигининг асосий хусусияти алоқалар комплекс тус олаётганида. Аввал ҳамкорлик асосан энергетика ва савдо билан чекланган бўлса, ҳозир ташқи сиёсат, технология, транспорт, молия, таълим ва гуманитар соҳаларни ҳам қамраб олмоқда. Бу эса муносабатларнинг институционал характер касб этаётганини кўрсатади.
Иқтисодий жиҳатдан Хитой Россиянинг энг йирик ташқи савдо шеригига айланди. Сўнгги йилларда икки давлат товар айирбошлаш ҳажми рекорд даражага етди. Айниқса, Ғарб санкцияси шароитида Россия бозорида Хитой маҳсулоти ва технологияси улуши кескин ошди. Автомобилсозлик, электроника, телекоммуникация ва саноат ускуналари соҳасида хитойлик компаниялар фаол иштирок этмоқда.
Шу билан бирга муносабатда маълум иқтисодий асимметрия ҳам сақланиб қолмоқда. Россия учун Хитой стратегик аҳамиятга эга асосий иқтисодий шерик, Хитой ташқи савдосида эса Россия улуши нисбатан чекланган. Бинобарин, айни ҳолат шериклик аҳамиятига салбий таъсир этмайди: Пекин учун Россия энергия хавфсизлиги, транспорт йўлаклари ва геосиёсий барқарорлик нуқтаи назаридан муҳим давлат.
Энергетика ўзаро муносабатнинг асосий устуни бўлиб қолмоқда. Россия Хитойга тобора кўпроқ нефть, газ ва кўмир етказяпти. “Сибирь кучи-2” газ қувури лойиҳаси эса келажакдаги энг йирик стратегик ташаббуслардан бири сифатида кўрилади. Гарчи, айрим техник ва тижорий масалалар муҳокама қилинаётган бўлса-да, лойиҳанинг аҳамияти ҳар икки давлат учун юқори бўлиб қолмоқда.
Айни пайт Хитой энергетика соҳасида диверсификация сиёсатини сақлаб қолишга ҳаракат қиляпти. Пекин Россия билан ҳамкорликни кенгайтириш баробариида бошқа энергия манбалари билан ҳам мувозанатни ушлаб туришни мақсад қилган. Бу эса муносабатлар прагматик характерга эга эканини кўрсатади.
Транспорт-логистика масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Байкал орти – Манжурия темир йўлини кенгайтириш, янги транзит йўлакларини ривожлантириш ва чегара инфратузилмасини модернизация қилиш бўйича келишувлар Евросиёдаги иқтисодий интеграция жараёнини тезлаштириши мумкин. Айниқса, “Бир макон, бир йўл” ташаббуси доирасида Россиянинг транспорт имконияти Хитой учун муҳим аҳамият касб этмоқда.
Технологик ҳамкорлик ҳам янги босқичга чиқмоқда. Сунъий интеллект, рақамли иқтисодиёт, космик тадқиқот ва юқори технология соҳасида қўшма дастурлар муҳокама қилинмоқда. Санкция ва технологик чеклов шароитида Москва ҳам, Пекин ҳам Ғарб платформаларига қарамликни қисқартиришга интиляпти. Шу нуқта назардан, илмий-техник ҳамкорлик икки давлат учун стратегик аҳамият касб этмоқда.
Гуманитар йўналиш ҳам муносабатнинг муҳим қисмига айланмоқда. 2026-2027 йиллар “Таълим йиллари” деб эълон қилиниши, талабалар алмашинуви, қўшма илмий лойиҳалар ва маданий дастурлар узоқ муддатли ижтимоий яқинлашув учун асос яратмоқда. Визасиз режим узайтирилиши эса инсонлар ўртасидаги алоқаларни янада фаоллаштириши кутиляпти.
Халқаро сиёсат нуқтаи назаридан Москва ва Пекин “кўп қутбли дунё” ғоясини фаол илгари суриб, БМТ, БРИКС, ШҲТ каби платформаларда халқаро муносабатнинг мувозанатли тизими шаклланиши зарурлигини таъкидламоқда. Бу концепция ривожланаётган давлатлар манфаатини ошириш ва глобал бошқарув механизмини ислоҳ қилиш ғояси билан боғланмоқда.
Бугунги шароитда Россия ва Хитой муносабати фақат икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик эмас, балки халқаро сиёсий тизимдаги ўзгаришни акс эттирувчи муҳим омил сифатида кўрилади. Пекин саммити эса ушбу жараён келгуси йилларда ҳам дунё сиёсати марказида бўлишини яна бир бор намоён қилди.
Геосиёсий мувозанатнинг янги формуласи: Москва ва Пекин ҳамкорлиги қаерга қараб бормоқда?
Россия ва Хитой муносабатининг бугунги босқичи халқаро сиёсатда янги кучлар мувозанати шаклланаётганини кўрсатмоқда. Пекин ва Москва алоқалари эндиликда фақат иқтисодий манфаат ёки сиёсий яқинлик билан изоҳланмайди, балки глобал бошқарув, хавфсизлик, энергетика ва технология соҳаларида узоқ муддатли стратегик ҳисоб-китобга асосланади.
Айниқса 2026 йилдаги халқаро вазият бу жараённи янада тезлаштирди. Яқин Шарқдаги беқарорлик, Украина атрофидаги геосиёсий таранглик, АҚШ ташқи сиёсатидаги ўзгариш ва жаҳон иқтисодиётидаги рақобат муҳити Москва ҳамда Пекинни кўп масалаларда бир-бирига яқинлаштирмоқда. Шу сабабли ҳам икки давлат бугун ўз муносабатини “янги давр стратегик шериклиги” сифатида таърифламоқда.
Россия ва Хитой ташқи сиёсат соҳасида ҳам фаол мувофиқлашувни давом эттиряпти. БМТ Хавфсизлик Кенгаши, ШҲТ, БРИКС ва АТЭС каби платформаларда икки давлат кўп ҳолларда ўхшаш ёндашувларни намоён қилмоқда. Улар халқаро муносабатларда суверенитет, ички ишларга аралашмаслик ва кўп томонлама дипломатия тамойилларини асосий тамойил сифатида илгари сурмоқда.
Пекин саммитида қабул қилинган “кўп қутбли дунё” ҳақидаги декларация ҳам айнан шундай сиёсий қарашнинг давоми бўлиб, халқаро муносабатда бир марказли тизим самарадорлиги пасайиб бораётгани ва янги куч марказлари шаклланаётганини таъкидлайди. Россия ва Хитой бу жараёнда ўзларини халқаро тизимнинг муҳим иштирокчилари сифатида кўрмоқда.
Бугун Хитой учун Россия, аввало, стратегик барқарорлик ва ресурс нуқтаи назаридан муҳим аҳамиятга эга. Москва Пекин учун энергия таъминоти, транспорт йўлаклари ва Евросиёдаги геосиёсий мувозанатнинг муҳим қисми ҳисобланади. Россия эса Хитой билан муносабат орқали ўз иқтисодий ва технологик имкониятини кенгайтиришга интиляпти.
Иқтисодий ҳамкорликда янги йўналишлар пайдо бўлаётгани ҳам диққатга сазовор. Аввал савдо асосан хом ашё ва саноат маҳсулотлари билан чекланган бўлса, ҳозир икки давлат юқори технология, рақамли иқтисодиёт, сунъий интеллект ва инновация соҳаларида ҳамкорликни кенгайтиришга уринмоқда. Илмий марказ, университет ва технология компаниялари ўртасидаги алоқалар кучайиши жараён узоқ муддатли эканини кўрсатмоқда.
Транспорт ва логистика соҳасидаги интеграция ҳам алоҳида аҳамият касб этмоқда. Россия ҳудуди орқали ўтувчи темир йўл ва транзит йўлаклари Хитойнинг Евросиё стратегиясида муҳим ўрин тутади. “Бир макон, бир йўл” ташаббуси доирасида транспорт инфратузилмасини ривожлантириш бўйича келишувлар икки давлат иқтисодий ҳамкорлигининг янги босқичини шакллантириши мумкин.
Ҳарбий-техник ҳамкорлик сўнгги йилларда янги босқичга чиққан соҳалардан бири бўлди. Қўшма ҳарбий машғулот, хавфсизлик бўйича мулоқот ва мудофаа соҳасидаги тажриба алмашинуви ўзаро стратегик ишончни мустаҳкамламоқда. Айниқса замонавий технология ва дрон тизими соҳасидаги ҳамкорлик халқаро экспертлар диққат марказида турибди.
Шу ўринда Россия ва Хитой муносабатларининг муҳим хусусиятини алоҳида таъкидлаш лозим: бу шериклик мафкуравий эмас, кўпроқ прагматик характерга эга. Икки давлат турли соҳаларда миллий манфаатдан келиб чиққан ҳолда ҳамкорлик қилмоқда. Шу сабабли муносабатлар мураккаб глобал шароитда ҳам барқарор ривожланишда давом этяпти.
2026 йил воқеликлари шуни кўрсатмоқдаки, Москва ва Пекин ўртасидаги яқинлашув келгуси йилларда ҳам халқаро сиёсатнинг муҳим омилларидан бири бўлиб қолади. Энергетикадан технологиягача, транспортдан ташқи сиёсатгача бўлган йўналишлардаги ҳамкорлик нафақат икки давлат, балки Евросиё ва жаҳон сиёсатидаги кучлар мувозанатини ҳам белгилаб бериши мумкин.
Мусулмон Зиё, ЎзА