“Monterrey Open”: Мария Тимофеева навбатдаги босқичда
Монтеррейдаги нуфузли WTA 500 турнирида Мария Тимофееванинг муваффақиятли юриши давом этмоқда. Навбатдаги ғалабадан сўнг унинг олдида янада жиддийроқ синов турибди.
Мексиканинг Монтеррей шаҳрида теннис бўйича WTA 500 туркумига кирувчи “Monterrey Open” мусобақаси бўлиб ўтмоқда. Унда ҳамюртимиз Мария Тимофеева яккалик баҳсларда асосий тўрнинг иккинчи даврасига йўл олди.
Аниқроқ айтадиган бўлсак, Мария мукофот жамғармаси 1 миллион 206 минг 446 АҚШ долларини ташкил этувчи турнирнинг илк босқичида хитойлик Чжан Шуай билан рақобатлашди. Ушбу баҳсда теннисчимиз 6:1, 6:3 ҳисобида зафар қучди.
Шу тариқа, “Monterrey Open” мусобақасининг иккинчи даврасига чиққан Мария Тимофеева энди америкалик Анн Ли билан куч синашади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА