ММА бўйича жаҳон чемпионати вакилларимиз учун муваффақиятли якунланди
Грузия пойтахти Тбилиси шаҳрида аралаш жанг санъатлари (ММА) бўйича ёшлар ва катталар ўртасидаги жаҳон чемпионати якунланди. Халқаро аралаш жанг санъатлари федерацияси (IMMAF) томонидан ташкил этилган мусобақада 60 та давлатдан 800 нафардан зиёд спортчи иштирок этди.
Жаҳон чемпионатида Ўзбекистон терма жамоаси ҳам муносиб натижа кўрсатди. Ҳамюртларимиз ёшлар ва катталар ўртасидаги баҳсларда жами 8 та медаль — 2 та олтин, 3 та кумуш ва 3 та бронза медалига сазовор бўлди.
Катталар ўртасидаги мусобақада терма жамоамиз 1 тадан олтин, кумуш ва бронза медали билан умумжамоа ҳисобида 7-ўринни эгаллади. Терма жамоамиз таркибида Ўғилой Жуманова (79,4 кг) чемпионлик шоҳсупасига кўтарилган бўлса, Мустафо Кадамов (61,2 кг) кумуш, Жанобиддин Сатторов (83,9 кг) бронза медалини қўлга киритди.
20 ёшгача бўлган спортчилар ўртасидаги беллашувларда эса вакилларимиз 1 та олтин, 2 та кумуш ва 2 та бронза медали билан умумжамоа ҳисобида 5-ўринни банд этди. Мусобақанинг 79,4 килограммгача вазнида Хуршидахон Розиқова ва Нилуфар Ўролова каби спортчиларимиз ўзаро рақобатлашди. Ўзбекча финалда Хуршидахон ғалаба қозонди, Нилуфар эса кумуш медаль билан тақдирланди. Шунингдек, Дониёр Қувондиқов (88,4 кг) кумуш, Фирдавс Атамуратов (61,2 кг) ва Ферузбек Пайзиев (93 кг) бронза медалларига эга чиқди.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА