Мисрда 5,6 магнитудали зилзила юз берди
Миср Миллий астрономия ва геофизика институти маълумотига кўра, Сувайш шаҳридан 38 километр шимолда 5,6 магнитудали ер силкиниши қайд этилди.
Европа-Ўрта ер денгизи сейсмология маркази зилзила ўчоғи 10 километр чуқурликда жойлашганини маълум қилди. Ҳозирча офат оқибатида жабрланганлар ёки вайронгарчилик ҳақида хабар берилмаган.
Миср Қизил ярим ой жамияти силкиниш сезилган ҳудудларда фавқулодда чора режасини тузди. Ташкилот вакиллари аҳолини шикастланган ёки хавфли аҳволга келиб қолган бинолардан узоқроқ бўлиш, мутасаддилар томонидан берилаётган расмий ахборотни синчковлик билан кузатиб боришга чақирмоқда.
Ф.Яхшибоева, ЎзА