Трамп АҚШ кучларининг Яқин Шарқдан олиб чиқилиши ҳақидаги хабарларга изоҳ бермади
АҚШ Президенти Дональд Трамп Яқин Шарқдаги айрим мамлакатлар, жумладан Кувайт ва Баҳрайндан Америка қўшинлари олиб чиқилиши эҳтимолига доир саволларни жавобсиз қолдирди.
Президент самолёти – “Air Force One” саҳнида журналистлар билан мулоқот қилган Оқ уй раҳбари ушбу масалани изоҳлаш истаги йўқлигини билдирди.
Аввалроқ “The Wall Street Journal” нашри манбаларга таяниб, Пентагон Яқин Шарқдаги ҳарбий иштирокини қайта кўриб чиқаётгани ва Ироқ, Кувайт, Иордания ҳамда Саудия Арабистонидан “Patriot” ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимининг саккизта батареяси олиб чиқиб кетилаётгани ҳақида ёзган эди. Ушбу техника воситалари билан бирга аслаҳаларга хизмат кўрсатувчи юзлаб аскар ҳам ватанига қайтарилиши кутиляпти.
“Associated Press” агентлиги эса сунъий йўлдош суратларини таҳлил қилиб, АҚШ Ҳарбий-денгиз кучлари кемалари Баҳрайндаги базани тарк этганини маълум қилган эди.
Ф.Яхшибоева, ЎзА