Ҳоким ташаббуси билан чоп этилди
«Сирдарёда бизнес қилинг» форуми доирасида ўтказилган «Қовун сайли» ва «Этно-фольклор» фестивалида вилоят ҳокими ташаббуси билан нашр этилган мазкур китоб-альбом сирдарёликлар учун нафақат қовунчиликнинг тарихи, бугунги салоҳияти ва истиқболини ўзида мужассам этган қимматли нашр, балки Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллигига муносиб туҳфа бўлди.
Китоб-альбом икки тилда — ўзбек, инглиз тилларида чоп этилди. Ушбу нашр сирдарёликлар ва хорижий меҳмонлар томонидан вилоятнинг қовунчилик салоҳиятини кенг тарғиб этишга хизмат қиладиган муҳим манба сифатида эътироф этилди.
Нашр вилоят ҳокими Эркинжон Турдимовнинг «Ўргансак — ҳикмат, яратсак — ибрат» номли сўзбошиси билан бошланади. Унда Сирдарё воҳасининг табиий-иқлим шароити, унумдор тупроқлари, сув ва қуёш имкониятлари, қадимий деҳқончилик анъаналари ҳамда миришкорларнинг кўп йиллик тажрибаси уйғунлигида етиштирилаётган ширин-шакар қовунлар ҳақида фикр юритилади.
Китоб саҳифаларида Сирдарё қовунларининг нав хусусиятлари, таъми, ташқи кўриниши, етиштириш ва сақлаш технологиялари ҳақида илмий-амалий маълумотлар келтирилган. Унда қовунчиликнинг фақат бугунги ҳолати эмас, балки соҳанинг шаклланиши, маҳаллий навларни асраш ва келгуси авлодга етказиш масалалари ҳам ёритилган.
Сирдарё қовунининг шуҳрати эса бугун вилоят чегарасидан анча узоқларга тарқалмоқда. Маҳаллий далаларда етиштирилаётган маҳсулотлар Германия, Австрия, Латвия, Литва, Швеция, Польша, Беларусь, Россия, шунингдек, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон каби давлатларга экспорт қилинмоқда. Демак, Сирдарё қовуни нафақат ички бозорда харидорини топаётган, балки жаҳон бозорида ҳам ўз ўрнига эга бўлаётган аграр маҳсулотлардан бирига айланмоқда.

Бироқ бу ширинлик ортида катта меҳнат бор. Оқолтин, Мирзаобод, Боёвут ва Сардоба туманларида қовунчиликнинг ўзига хос мактаби шаклланган. Бу ҳудудларда қовун етиштиришни оилавий касб сифатида давом эттириб келаётган, уч-тўрт авлоддан буён ерга уруғ қадаб, унинг ҳосилини кўз қорачиғидек асраб келаётган деҳқонлар бор.
Китоб-альбомда ана шу инсонлар меҳнатига ҳам алоҳида ўрин берилган. Вилоят ҳокими сўзбошисида Мирзаобод туманининг Тошкент маҳалласида яшовчи ака-ука Аҳмаджон ва Анваржон Тўрабековлар ҳақида тўхталиб, улар ҳатто Америка Қўшма Штатларига бориб, қовун экиш сирларини хорижлик деҳқонларга ўргатиб келганини таъкидлайди.
Шунингдек, Ўрозбой Алимқулов, Ҳайдарали Умиров, Мамадиёр Хўжамқулов, Абулосим Тангров, Қучқор Ботиров, Худойқул Тоқаев каби миришкорларнинг номлари ҳам Сирдарё қовунчилиги билан чамбарчас боғлиқ экани қайд этилган.
Сирдарё қовунининг бетакрор таъми, аввало, воҳанинг иссиқ ва қуёшли иқлими, тупроқ таркиби, сув таъминоти билан боғлиқ бўлса, унинг ҳақиқий қиёфасини деҳқоннинг тажрибаси белгилайди. Қайси навни қачон экиш, сувни меъёрлаш, парвариш жараёнини тўғри ташкил этиш, ҳосилни ўз вақтида йиғиб олиш — буларнинг ҳар бири қовун сифатига таъсир кўрсатади.
[gallery-31134]
Китоб-альбомда Сирдарёда етиштириладиган «Оби новвот», «Кўкча», «Амри», «Чиллаки», «Оқ уруғ», «Шакарпалак», «Бўрикалла», «Кампирчопон», «Даҳбеди», «Гулоби», «Шерози», «Баргинай», «Гурвак», «Мирзачўл қовуни» каби навлар ҳақида ҳам маълумотлар берилган.
Ҳар бир навнинг ўзига хос таъми, ҳиди, ташқи кўриниши ва етиштириш хусусиятлари бор. Шу боис уларни асраб-авайлаш нафақат қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш, балки маҳаллий агробиологик меросни келгуси авлодларга етказиш нуқтаи назаридан ҳам муҳим.
Нашрнинг яна бир қимматли жиҳати — унда қовун етиштиришдан ташқари, ҳосилни йиғиш, саралаш, қадоқлаш ва сақлаш жараёнларига ҳам эътибор қаратилганидир. Шу жиҳатдан, китоб-альбом деҳқон ва агрономлар, соҳа мутахассислари, тадқиқотчилар учун ҳам фойдали манба бўлиши мумкин.
— Китоб-альбомда қовунларни етиштириш билан бир қаторда, ҳосилни йиғиш, саралаш, қадоқлаш ва сақлаш технологиялари ҳақида ҳам маълумотлар берилган. Унда Сирдарёда етиштириладиган қовун навлари ва уларнинг фойдали хусусиятлари кенг ёритилган. Шу жиҳатдан, мазкур нашр қовун навлари ва уларнинг агротехникаси билан шуғулланувчи деҳқонлар, тадқиқотчилар ва соҳа мутахассислари учун муҳим қўлланма вазифасини ўтайди, — дейди тўпламни нашрга тайёрлаган, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, профессор Равшанбек Маҳмудов.
Китоб-альбомдаги суратлар эса матнни янада жонлантиради. Сирдарё далалари, қовун экилган майдонлар, миришкорлар меҳнати, турли навдаги қовунлар ва тайёр маҳсулотлар тасвири китобхонни воҳа бағрига етаклайди.
Фестивал иштирокчиси, хитойлик меҳмон Чжан Вэй ҳам нашр ҳақидаги таассуротларини билдириб:
— Китоб-альбомда Сирдарё қовунлари ҳақида жуда кўп маълумот берилган. Унда қовун етиштирувчи бободеҳқонлар, вилоят далалари ва қовун экилган майдонларни акс эттирувчи кўплаб суратлар ўрин олган. Улар кишини бефарқ қолдирмайди. Маълумотларнинг ўзбек, инглиз тилларида чоп этилгани китоб-альбомни қайта-қайта мутолаа қилишга ундайди, — деди.
Дарҳақиқат, «Сирдарё қовунлари» китоб-альбоми бир маҳсулот ҳақидаги маълумотлар жамланмаси эмас. Унда Сирдарё заминининг табиати, деҳқоннинг машаққати, авлодлар тажрибаси, маҳаллий навлар тарихи ва замонавий аграр имкониятлар бир бутун манзарада акс этган.
Унинг икки тилда нашр этилгани эса бу манзарани халқаро аудиторияга очиб беради. Зеро, Сирдарёнинг ширин қовуни хориж бозорларига чиқар экан, унинг ортидаги меҳнат ва тарихни ҳам дунёга танитиш муҳим. Шу маънода, «Сирдарё қовунлари» — ширинликка битилган китоб. Унда бир мева эмас, бир воҳанинг меҳнати, хотираси, тажрибаси ва келажакка интилиши жамланган.
Энг муҳими, бу китоб-альбом Сирдарё қовунини шунчаки ширин маҳсулот сифатида эмас, ҳудуднинг аграр салоҳияти, миллий деҳқончилик мероси ва дунё бозорига чиқиб бораётган ўзига хос бренди сифатида намоён этади.
Ғулом Примов, Умид Обиджонов (сурат), ЎзА