Адолат ва масъулият — судья фаолиятининг бош мезони
Тошкент вилояти судида суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти, судлар фаолияти самарадорлигини ошириш, одил судлов сифатини таъминлаш ва судьяларнинг касбий масъулиятини кучайтириш масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси Робахон Маҳмудова, Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев, вилоятдаги ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбарлари, вилоят судлари судьялари ва ходимлари иштирок этди.
Йиғилиш аввалида Президентининг тегишли фармойишига асосан Тошкент вилояти маъмурий суди раиси лавозимига тайинланган Дилмурод Каримов вилоят судлари жамоасига таништирилди. Тадбирда сўзга чиққан Олий суд раиси судьялик касби юксак ҳуқуқий билим ва профессионал маҳорат билан бир қаторда, ҳалоллик, холислик, юксак маънавият ва катта масъулиятни талаб қилишини таъкидлади.

Қайд этилганидек, судья ҳар қандай вазиятда қонун ва адолат мезонларига таяниши, қабул қилаётган ҳар бир қарор инсон тақдири ва ҳуқуқларига бевосита дахл қилишини чуқур англаши лозим. Шу нуқтаи назардан судьялик одоби ва касб этикаси қоидаларига қатъий риоя қилиш, судьялик шаъни ва обрўсини асраш, коррупциянинг ҳар қандай кўринишига нисбатан муросасиз муносабатда бўлиш муҳим вазифалардан ҳисобланади.

Тадбирда масъулларга фуқаролар билан мулоқотда маданиятли бўлиш лозимлиги яна бир бор айтилди. Судга ўз муаммоси билан мурожаат қилган ҳар бир инсонни сабр ва эътибор билан эшитиш, унинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига ҳурмат билан муносабатда бўлиш судьянинг муҳим касбий бурчидир.
Зеро, инсон судга, аввало, адолат ва ҳақиқат излаб мурожаат қилади. Ҳар бир мурожаатга холис, вазмин ва масъулият билан ёндашиш эса фуқароларнинг суд ҳокимиятига бўлган ишончини мустаҳкамлашнинг муҳим шартидир.
Йиғилиш якунида судьялар ва суд ходимларига қонун устуворлиги ва адолат тамойилларига содиқ қолиш, хизмат вазифаларини сидқидилдан бажариш, халқ ишончини оқлаш ҳамда суд ҳокимиятининг юксак нуфузини муносиб сақлаш бўйича тегишли тавсия ва топшириқлар берилди.
А.Мусаев,ЎзА