Мирзачўл агросаноат техникумида 100 тупдан зиёд кўчат экилди
Мамлакат экологик барқарорлигини таъминлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан биридир. Бу борада "Яшил макон" умуммиллий лойиҳаси муҳим аҳамият касб этмоқда. Жиззах вилояти Мирзачўл агросаноат техникуми жамоаси ҳам ушбу эзгу ҳаракатга муносиб ҳисса қўшмоқда. Эътиборлиси, ташаббус экологик маданиятни юксалтириш ва ёшларда бунёдкорлик масъулиятини шакллантиришга қаратилган.
Мирзачўл агросаноат техникумида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида ташкил этилган ҳашарда 100 тупдан зиёд мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экилди. Мазкур тадбир таълим муассасасида экологик маданиятни юксалтириш ва ҳудудни ободонлаштириш мақсадида амалга оширилди.


Президентимизнинг 2026 йил 25 мартдаги Фармони экологик йўналишдаги ишларнинг янги босқичини белгилаб берди. “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси самарадорлигини оширишга қаратилган мазкур ҳужжатда яшил майдонларни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилган. Шунингдек, маҳаллий иқлим шароитига мос кўчатларни илмий асосда етиштириш ва парваришлаш вазифалари белгиланган. Мавжуд яшил ҳудудларни сақлаш ҳамда зараркунандаларга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш ҳам устувор йўналишлар сирасига киради.


Мирзачўл агросаноат техникуми жамоаси мазкур вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида ҳудудда кенг кўламли ободонлаштириш ишларини амалга оширди. Муассаса ҳудудини ободонлаштиришга қаратилган умумий ҳашарда педагоглар, ишчи-ходимлар ва ўқувчилар бирлашди. Унда ҳудуднинг тупроқ-иқлим шароитига мос мевали ва манзарали дарахт кўчатлари танланди.
– “Яшил макон” лойиҳаси биз, педагоглар ва ёшлар учун шунчаки мавсумий тадбир эмас. Бу келажак олдидаги масъулиятдир. Ўқувчиларимиз ўз қўллари билан эккан ниҳолларни парваришлаш орқали меҳнатсеварликни ўрганади. Уларда табиатга эҳтиёткорона муносабат шаклланади. Бугун ўтқазилган юздан ортиқ кўчат яқин йилларда техникумимизни янада сўлим масканга айлантиради, – дейди Мирзачўл агросаноат техникуми директори Шоира Қўқонова.


Тадбирнинг эътиборли жиҳати шундаки, ишлар фақат кўчат экиш билан чекланиб қолмади. Мутахассислар ёшларга ниҳолларни тўғри ўтқазиш ва парваришлаш бўйича зарур тавсиялар берди. Жумладан, агротехник талабларга риоя қилиш, суғориш ва тупроққа ишлов бериш масалалари тушунтирилди. Экилган ҳар бир кўчатни асраб-авайлаш учун масъуллар ҳам бириктирилди.
Зеро, кўчат экиш эзгу ниятнинг амалий ифодаси, уни парваришлаш эса масъулият намунасидир. Бундай ташаббуслар таълим муассасаларида экологик маданиятни юксалтиришга ҳам хизмат қилади. Айниқса, ёшларнинг бевосита ободонлаштириш жараёнларида иштирок этиши уларда дахлдорлик туйғусини кучайтиради.

Мирзачўл агросаноат техникуми жамоаси бошлаган бу хайрли иш бир кунлик тадбир эмас. У ҳудудни ободонлаштириш, яшил меросни асраш ва келажак авлод учун муносиб муҳит яратишга қаратилган. Энг муҳими, ҳар бир экилган ниҳол ортида юрт равнақига дахлдорлик, Ватан табиатига садоқат мужассам.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири