Минтақа ёш етакчилари Ўзбекистон тажрибаларини ўрганмоқда
Юртимизда ўтказилаётган «Марказий Осиё ёш етакчилари» минтақавий дастури доирасидаги тадбирлар давомида Марказий Осиё мамлакатлари ва Озарбайжон Республикасининг етакчи ёшлари қатор идора ва ташкилотларда бўлиб, Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг амалий натижалари билан танишмоқда, ёшлар сиёсатига оид тажрибаларимизни ўрганмоқда.
Жумладан, делегация вакиллари Туризм қўмитасида бўлиб, қўмита раиси Абдулазиз Аққулов билан мулоқот қилди.
Минтақа ёш лидерлари билан суҳбат давомида Марказий Осиё туризмда рақобатчи эмас, балки ягона сайёҳлик макони экани алоҳида эътироф этилди. Буюк Ипак йўли шаҳарлари асрлар давомида минтақа халқларини ўзаро боғлаб келгани айтиб ўтилди.

Бугун минтақанинг мавжуд туристик салоҳиятидан фойдаланиб, қўшма туристик йўналишлар ташкил этиш, саёҳатчилар учун чегара ва виза тартибларини соддалаштириш, транспорт ҳамда авиақатновларни кенгайтириш каби масалалар муҳокама қилиниб, ёш етакчиларнинг фикрлари, таклифлари тингланди.
Шунингдек, минтақа ёш етакчилари пойтахтимиздаги IT Паркка ташриф буюриб, бу ерда яратилган шарт-шароит ва имкониятлар билан танишдилар.

Тақдимотда бугун дунёда рақамли технологияларнинг ўрни ошиб бораётгани, бу борада Ўзбекистоннинг халқаро рейтинглардаги ўрни, IT Парк резидентлари учун солиқ имтиёзлари, IT-Visa ва IT компанияларга давлат томонидан кўрсатилаётган қўллаб-қувватлаш чоралари ҳақида сўз борди.
Делегация вакиллари “Agroplatforma” ва DMED ягона тиббий ахборот тизими каби рақамли лойиҳалар билан яқиндан танишди.
М.Комилова,
ЎзА