Жонатан Хеник: Ўзбекистон – АҚШ ҳамкорлиги янги босқичда
Ўзбекистон ва Америка Қўшма Штатлари ҳамкорлиги янги имкониятлар ва амалий ташаббуслар билан бойиб бормоқда. Икки мамлакат муносабатларида сиёсий мулоқот, савдо-иқтисодий алоқалар ва инвестициявий шериклик муҳим ўрин тутмоқда. АҚШ Давлат котиби Марко Рубионинг Самарқандга ташрифи ҳамда 2026 йил 19 октябрь куни бўлиб ўтган “C5+1” форматидаги вазирлар учрашуви минтақавий ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган ташаббусларга янги туртки берди.
Учрашув доирасида транспорт ва коммуникация алоқаларини мустаҳкамлаш, иқтисодий интеграцияни чуқурлаштириш, энергетика ва муҳим минераллар соҳаларида шерикликни кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, икки мамлакат ўртасидаги бизнес алоқаларини ривожлантиришга йўналтирилган келишув ва ташаббуслар эълон қилинди.
Ўзбекистон – АҚШ муносабатларининг бугунги ҳолати, Самарқанддаги учрашув натижалари, минтақавий боғлиқлик ва ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари ҳақида АҚШнинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Жонатан Хеник ЎзА мухбири саволларига жавоб берди.

— Ўзбекистон – АҚШ муносабатларининг бугунги кундаги асосий йўналишлари ва амалий натижаларини қандай баҳолайсиз?
— Америка Қўшма Штатлари билан Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорлик жадал ривожланмоқда. Давлат котиби Марко Рубио яқинда Самарқандга ташрифи чоғида айтганидек, муносабатларимизни “муаммолар ҳам, низолар ҳам эмас, балки имкониятлар” белгилайди. Бу жадалликнинг асосий омили Президент Дональд Трамп ва Президент Шавкат Мирзиёев ўртасидаги яқин муносабатлардир. Президент Мирзиёевнинг тарихий иқтисодий ислоҳотлари даврида Трамп маъмуриятининг Марказий Осиёга эътибори яна диққат марказида. Бу ислоҳотлар Ўзбекистонни бизнес учун янада қулай мамлакатга айлантирди.
Натижалар аниқ. Ўтган йил ноябрда Вашингтонда бўлиб ўтган “C5+1” етакчилари саммитидан буён америкалик ва марказий осиёлик ҳамкорлар қиймати 25 миллиард доллардан ортиқ тижорат битимлари тузди. Ўзбекистон ҳаво йўллари 22 та “Boeing-787 Dreamliner” самолётини сотиб олмоқда. “AKFA” компанияси эса Кентукки штатидаги ишлаб чиқариш корхонасига 80 миллион доллар сармоя киритди. Ҳукуматларимиз муҳим минераллар бўйича ўзаро англашув меморандумини имзолади ва АҚШ – Ўзбекистон ишбилармонлик ва инвестиция кенгашини тузди.
— Жорий йил 19 октябрь куни Самарқандда бўлиб ўтган “C5+1” вазирлар учрашувининг асосий натижалари ва амалий аҳамияти нималарда намоён бўлди?
— Дарҳақиқат, Самарқандда бўлиб ўтган “C5+1” вазирлар учрашуви мустаҳкам пойдеворга таянди. Олти давлат ташқи ишлар вазири транспорт ва коммуникация алоқаларини мустаҳкамлаш, иқтисодий интеграцияни чуқурлаштириш мажбуриятини олди. Улар энергетика, муҳим минераллар ва хавфсизлик соҳаларида ҳамкорликни кучайтиришга келишди. АҚШ ва Ўзбекистон ўртасидаги тижорат алоқаларини ривожлантириш учун Давлат котиби билан бирга 200 дан ортиқ америкалик бизнес етакчиси келди. Бизнес ва инвестициялар кенгашида томонлар 54 та келишув ва ташаббусни эълон қилди. Мазкур ҳужжатларнинг умумий қиймати тахминан 12 миллиард долларни ташкил этиши кутилмоқда. Шунингдек, Ўзбекистон “Artemis” келишувини имзолаб, коинотни тинч ва шаффоф ўрганиш мажбуриятини олган 77-давлатга айланди. Давлат котиби Рубио айтганидек, “Бу охиргиси эмас, бошланиши”.
— АҚШ Марказий Осиёнинг халқаро транспорт ва савдо йўлакларидаги ролини кучайтириш борасида қандай имкониятлар кўрмоқда?
— Самарқанд асрлар давомида жаҳон савдо йўлларининг муҳим чорраҳаси бўлиб келган. Транскаспий савдо йўналишини ривожлантириш орқали Марказий Осиёнинг ушбу мавқеини янада ривожлантириш истагидамиз. Мустақилликнинг 35 йили давомида минтақа давлатлари суверенлик ва муносабатлар шартларини ўзлари белгилай олишини кўрсатди. Биз ҳеч кимдан бирор томонни танлашни сўрамаймиз. Аксинча, ҳар бир давлатнинг ҳаракат имкониятларини кенгайтирадиган, мустақиллигини сақлашга ёрдам берадиган муқобил йўлларни таклиф этамиз.
— Ўзбекистон ва АҚШ ҳамкорлигини кенгайтириш учун яна қайси соҳалар устувор бўлиши мумкин?
— Атом энергиясидан, жумладан, кичик модулли реакторларда тинч мақсадда фойдаланиш, муҳим минераллар, аэрокосмик соҳа, қишлоқ хўжалиги ва илғор технологияларда шериклик салоҳияти юқори. Ушбу соҳалар ривожида Ўзбекистоннинг ёш ва истеъдодли аҳолиси юксак салоҳиятга эга.
— Ҳамкорлик самарадорлигини баҳолашда қандай натижалар муҳим аҳамият касб этади?
— Пировардида, муваффақият эришилган келишувлар амалда қай даражада бажарилгани билан ўлчанади. Ҳужжатлар ҳар икки мамлакат учун савдо ҳажми ошиши, инвестиция кўпайиши ва янги иш ўринлари яратилишига хизмат қилиши лозим. Биз Президент Ш.Мирзиёевнинг Флорида штатида бўлиб ўтадиган G20 саммитида иштирок этишини мамнуният билан кутяпмиз. Демак, ҳамкорлигимизнинг янги босқичи бошланмоқда.
ЎзА мухбири Мирҳабиб Сайфуллаев суҳбатлашди.