Мингбулоқ: тиббиётда рақамлаштириш ишлари ўрганилди
Мамлакатимизда тиббиётни тубдан ислоҳ қилиш жараёнларида рақамлаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, соғлиқни сақлаш соҳасида электрон ахборот тизимлари изчил жорий этилмоқда.
Наманган вилоятида ҳам бу хайрли ишга киришилган. Аммо, хали янгилик барча муассасаларда тўлиқ йўлга қўйилди, дейишга эртага ўхшайди. Бу республика Ишчи гуруҳи таркибида ахборотлаштириш мутахассислари томонидан Мингбулоқ туманида олиб борилган ўрганишлар натижалари бўй кўрсатди.
Даставвал, Наманган вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Аброржон Алижонов иштирокида Мингбулоқ тумани кўп тармоқли марказий поликлиникада “Dmed” ахборот тизими қандай татбиқ этилганлиги кўрилди. Кузатишлар чоғида фуқароларни электрон қабулидан тортиб, то тиббий хизмат кўрсатишгача бўлган жараёнлар қандай бораётганлиги назоратдан ўтказилди.

Тиббиётчилар ва ахборот технологиялари мутахассислари ҳар бир босқичдаги фаолиятни занжирма-занжир кўздан кечирди. Бемор поликлиникага киргани заҳоти электрон навбатга ёзилиши, кейин эса тегишли тиббий текширувдан ўтиши ва шифокорлар қабулига йўлланишида жуда кўп камчиликларга йўл қўйилмоқда. Жумладан, поликлиникага мурожаат этувчиларни электрон рўйхатга олишнинг ўзида қатор чалкашликлар бор.
Ачинарлиси, электрон навбат тартиби тўлиқ мавжуд эмас. Ультра товуш текшируви, кардиолог қабули, пуллик хизмат кўрсатиш ва бошқа фаолият йўналишларида ҳам “Dmed” ахборот тизими талабларига тўлиқ риоя этилмаяпти. Бунинг оқибатида электрон навбат ва тўғридан-тўғри ташриф бўйича навбат асосида шифокор қабулига киришдаги тартибсизликлар фуқароларни ранжитмоқда.

Марказий шиофохона фаолиятида “Dmed” ахборот тизими тўлақонли татбиқ қилинмаганлиги ачинарлидир. Беморларга кўрсатилаётган тиббий хизмат натижалари тизимда кўринмайди. Қисқаси, туманда рақамлаштириш ишларидан кутилган самарага эришилмаяпти.

Шунинг учун Ишчи гуруҳ томонидан вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси рақамлаштириш мутахассисларига туман тиббиёт бирлашмаси шифохона ва поликлиника ҳамда оила шифокорлик пунктларидаги ахборот коммуникацион тармоқлар ишини қайта кўриб чиқиш ва тизим ишини намунали йўлга қўйишда амалий ёрдам кўрсатиш юзасидан топшириқлар берилди.
Ташриф давомида Ишчи гуруҳи вакиллари тарафидан янги ахборот тизимини янада такомиллаштириш юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.