Миллий туризм ягона платформаси орқали бюджетга тўланган қўшилган қиймат солиғининг бир қисмини қайтариш бўйича мурожаат қилиш тартиботи жорий этилади
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Туристлар оқимини кўпайтиришга хизмат қиладиган ишбилармонлик (MICE туризм) тадбирларини республика ҳудудида ташкил қилувчи тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилди.
Унга мувофиқ, Туристлар оқимини кўпайтиришга хизмат қиладиган ишбилармонлик (MICE туризм) тадбирларини республика ҳудудида ташкил қилувчи тадбиркорлик субъектларига республика бюджетига ҳақиқатда тўланган қўшилган қиймат солиғи суммасининг 50 фоизини қайтариш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Низомда:
MICE туризм тадбирларини ташкил қилувчи тадбиркорлик субъектларига қўйиладиган талаблар;
мурожаат қилиш тартиби ҳамда тақдим этиладиган ҳужжатлар рўйхати;
мурожаатларни кўриб чиқиш ва қарор қабул қилиш тартиби;
қайтариладиган маблағларни ҳсоблаш механизми;
маблағларни республика бюджети ҳисобидан молиялаштириш ва тадбиркорлик субъектларининг банк ҳисобварағига ўтказиб бериш.
Туризм кўмитаси:
Солиқ қўмитаси билан биргаликда уч ой муддатда ушбу қарор билан тасдиқланган Низомга мувофиқ тадбиркорлик субъектларига Миллий туризм ягона платформаси орқали бюджетга тўланган қўшилган қиймат солиғининг бир қисмини қайтариш бўйича мурожаат қилиш тартиботини жорий этади.
Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси ҳудудида халқаро конференциялар ва тадбирларни ташкил этувчи ва мазкур тадбирларда камида 100 нафар чет эллик сайёҳнинг иштирокини таъминлаган тадбиркорлик субъектларига республика бюджетига ҳақиқатда тўланган қўшилган қиймат солиғи суммасининг 50 фоизини қайтариш тартибини белгилайди.
Ушбу Низом қоидалари аниқлаштирилган солиқ ҳисоботи тақдим этилиши натижасида юзага келган ортиқча тўланган солиқ суммаларига нисбатан татбиқ этилмайди.
ЎзА