Миллий техник жиҳатдан тартибга солиш тизими халқаро стандартларга мувофиқлаштирилади
Сенат ялпи мажлисида “Маҳсулотларнинг умумий хавфсизлиги тўғрисида”ги қонун кўриб чиқилди.
Мазкур масала юзасидан маъруза қилган Сенатнинг Аграр, сув хўжалиги масалалари қўмитаси раиси Анвар Тўйчиев жаҳон иқтисодиётида глобаллашув жараёнлари, электрон тижоратнинг жадал ривожланиши, трансчегаравий савдонинг кенгайиши ҳамда маҳсулотлар турларининг ортиши маҳсулотлар хавфсизлиги соҳасида мутлақо янги ёндашувларни талаб қилаётганини таъкидлади.
Ушбу қонун мамлакатимизда техник жиҳатдан тартибга солиш тизимини тубдан ислоҳ қилиш, маҳсулотлар хавфсизлигини таъминлаш ҳамда истеъмолчилар ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилишга қаратилган.
Қонун Жаҳон савдо ташкилотининг Савдодаги техник тўсиқлар тўғрисидаги битими ҳамда халқаро илғор амалиёт талабларига мувофиқ ишлаб чиқилган.

Бозорга чиқариладиган барча маҳсулотлар хавфсиз бўлиши шарт. Ишлаб чиқарувчилар, импорт қилувчилар ва иқтисодий операторлар маҳсулотнинг хавфсизлиги учун бевосита масъул ҳисобланади.
Шунингдек, иқтисодий операторларга маҳсулот хавфини баҳолаш, техник ҳужжатларни юритиш, маҳсулотни идентификация қилиш, истеъмолчилардан келиб тушган мурожаатларни ҳисобга олиш ҳамда хавфли маҳсулотларни бозордан қайтариб олиш бўйича аниқ мажбуриятлар юклатилмоқда.

Қонун билан бозор назоратининг хавфларга асосланган янги механизми жорий этилиб, хавфли маҳсулотларни тезкор аниқлаш ва уларни муомаладан чиқариш бўйича миллий ахборот алмашуви тизими ташкил этилади.
Сенаторлар маъқуллаган қонун аҳоли ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилиш, маҳаллий маҳсулотлар рақобатбардошлиги ва экспорт салоҳиятини ошириш, шунингдек, мамлакатимиз техник жиҳатдан тартибга солиш тизимини халқаро стандартларга мувофиқлаштиришга хизмат қилади.
Бундан ташқари, ички бозорга киритилаётган маҳсулотлар хавфсизлигини кафолатлаш, истеъмолчиларни хавфли маҳсулотлардан ҳимоя қилиш ва уларнинг бозорга бўлган ишончини мустаҳкамлаш учун ҳуқуқий асос яратилади.
Н.Абдураимова, Н.Ҳайдаров (сурат), ЎзА