Миллий ўзлик ва тарих билан юзма-юз
Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети Нукус филиали ходимлари ҳамда фаол ва иқтидорли талабалар иштирокида мазмунли саёҳат ташкил этилди.
Тадбирнинг илк манзили қадимий ва сирли тарихни ўз бағрида мужассам этган Чилпиқ қалъаси бўлди. Асрлар сукутини сақлаб турган ушбу тарихий маскан ёшларни аждодлар жасорати, бой маданий мероси ва буюк тамаддуни ҳақида чуқур мушоҳадага чорлади. Қалъадаги самимий суҳбатлар, тарихий маълумотлар ва таассуротлар ёшларда миллий ўзликка дахлдорлик ҳиссини янада кучайтирди.
Шундан сўнг саёҳатчилар Шарқ меъморчилигининг ноёб дурдонаси, очиқ осмон остидаги музей шаҳар сифатида дунёга машҳур Хива шаҳри сари йўл олдилар. Кўҳна ва навқирон қиёфани ўзида уйғунлаштирган ушбу тарихий шаҳар иштирокчиларда унутилмас таассурот қолдирди. Хиванинг қадимий кўчалари, маҳобатли миноралари, асрлар нафаси уфуриб турган тарихий обидалари ёшларни гўё ўтмиш билан юзма-юз учраштирди.
Саёҳат давомида талабалар “Арда Хива” туризм мажмуасида ҳам бўлиб, миллийлик ва замонавийлик уйғунлашган муҳит билан яқиндан танишдилар. Айниқса, миллий куй-қўшиқлар садолари остида ижро этилган рақслар хорижий сайёҳларнинг ҳам катта қизиқишига сабаб бўлди. Самимий ва дўстона муҳитда ўтган мулоқотлар давомида меҳмонларга Қорақалпоғистоннинг бой маданияти, урф-одатлари, миллий санъати ҳамда туризм салоҳияти ҳақида батафсил маълумот берилди.
– Ички туризмни ривожлантириш, ёшлар орасида миллий контентни кенгайтириш ҳамда юртимизнинг бой тарихий меросини кенг тарғиб қилиш мақсадида ташкил этилган ушбу саёҳат ёшларнинг тарихга бўлган қизиқишини ошириш, уларнинг ижтимоий фаоллигини кучайтириш ҳамда Янги Ўзбекистон шароитида ички туризмни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган амалий ишларининг яна бир ёрқин ифодаси бўлди, – дейди Ахборот хизмати раҳбари З.Хожамуратова.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.