Миллий меросга эътибор
Мамлакатимизда миллий қадриятлар, анъанавий санъат ва ҳунармандчиликни асраб-авайлаш ҳамда уларни замонавий талаблар асосида ривожлантириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Бу борада халқ манфаатларини ифода этувчи депутатларнинг жойлардаги фаол иштироки, аҳоли билан очиқ ва самарали мулоқотлари муҳим аҳамият касб этмоқда.
ЎзЛиДеПдан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Гулжан Халмуратованинг бу йўналишдаги амалий фаолияти алоҳида эътиборга лойиқ. У томонидан ҳар ойнинг сўнгги ҳафтасида ўтказиладиган сайловчилар билан учрашувлар давомида нафақат фуқароларни қийнаётган муаммолар ўрганилмоқда, балки жамият тараққиётига хизмат қиладиган муҳим ташаббуслар ҳам қўллаб-қувватланмоқда.
Жумладан, ана шундай мулоқотлардан бири давомида фуқаролар томонидан миллий санъатимизнинг ажралмас қисми бўлган жировчиликни ривожлантириш, уни қўллаб-қувватлаш юзасидан муҳим таклифлар илгари сурилди. Мазкур ташаббусни амалий жиҳатдан рўёбга чиқариш мақсадида депутат томонидан грант лойиҳаларини ишлаб чиқиш бўйича аниқ таклиф ва тавсиялар берилди.
Хусусан, “Арт Karakalpakstan” маданият ва санъатни ривожлантириш ташкилоти томонидан “Устахона – миллий мерос” лойиҳаси ишлаб чиқилди. Лойиҳа раҳбари Гулмира Палўанованинг мазкур ғояси депутат томонидан қўллаб-қувватланиб, уни янада такомиллаштириш, грант маблағларини жалб этиш ҳамда давлат ижтимоий буюртмаси танловида иштирок этиш бўйича ҳар томонлама амалий ва услубий кўмак кўрсатилди.
Натижада ушбу ташаббус пухта ишланган лойиҳага айлантирилиб, 2025 йилда Олий Мажлис ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан эълон қилинган давлат ижтимоий буюртмаси доирасида ғолиб деб топилди. Бу эса депутатларнинг жойлардаги ташаббусларни қўллаб-қувватлаш, уларни аниқ натижага йўналтириш борасидаги самарали фаолиятининг ёрқин намунасидир.
Лойиҳа доирасида Нукус тумани “Ақманғит” ҳудудида Марказий Осиё халқларининг миллий мусиқа асбобларини тайёрлашга ихтисослашган замонавий устахона барпо этилмоқда. Унда қўбиз, дутор, чанқовуз, ғижжак каби миллий чолғу асбобларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилиши режалаштирилган.
Мазкур ташаббусни амалга ошириш учун давлат ижтимоий буюртмаси асосида 1 миллиард сўм маблағ ажратилди. Айни пайтда қурилиш ишлари якунига етказилиб, устахонани яқин кунларда фойдаланишга топшириш режалаштирилмоқда.
Энг муҳими, ушбу лойиҳа нафақат моддий инфратузилмани яратиш, балки миллий санъатни асраб-авайлаш, уни келажак авлодга етказиш, ёшларни миллий қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш ҳамда уларни замонавий касб-ҳунарларга йўналтиришга хизмат қилади.
Бугунги кунда Қорақалпоғистонда 30 нафардан ортиқ профессионал жиров фаолият юритмоқда ва янги устахона уларнинг ижодий фаолиятини янада кенгайтириш, ёшлар учун мустаҳкам ўқув-амалий база яратиш имконини беради.
Депутатнинг лойиҳа ижроси билан жойига чиққан ҳолда танишиб, усталар ва қурувчилар билан мулоқот олиб бораётгани парламент назоратининг амалий ифодаси сифатида муҳим аҳамиятга эга. Бу эса халқ вакилларининг масъулияти ва ташаббускорлигини янада кучайтирмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, “Устахона – миллий мерос” лойиҳаси депутат ташаббуси, жамоатчилик фикри ва давлат қўллаб-қувватлови уйғунлигининг ёрқин намунаси бўлиб, миллий қадриятларимизни асраб-авайлаш ва уларни замон талаблари асосида ривожлантириш йўлида муҳим қадам бўлиб хизмат қилмоқда.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.