Ўзбекистонда карбон кредитлари тизими жорий этилмоқда
Мамлакатимизда қишлоқ хўжалигида экологик барқарорликни оширишга қаратилган янги халқаро лойиҳа йўлга қўйилди. Швейцариянинг Bizpando AG компанияси, Республика агрохизматлар маркази (AKIS) ва Халқаро пахта маслаҳат қўмитаси (ICAC) ўртасида бу борадаги келишув имзоланди.
Лойиҳа пахта етиштирувчи фермерларни карбон кредитлари тизимига жалб этишни назарда тутади. Унга кўра, фермерлар биочар ва компост ишлаб чиқариб, уларни далаларда қўллаш орқали иссиқхона газлари чиқиндиларини камайтиради ҳамда тупроқ унумдорлигини оширади.

Ушбу жараён натижасида юзага келадиган карбон камайишлари халқаро стандартлар асосида сертификатланади ва жаҳон бозорида сотилади. Бу эса фермерлар учун қўшимча даромад манбаини яратади.
Лойиҳада Bizpando AG карбон кредитларини шакллантириш ва сотиш жараёнларини бошқаради. АКIS лойиҳа ижросини мамлакат миқёсида мувофиқлаштиради, ICAC эса илмий ва агротехник кўмак беради.

Қайд этилишича, карбон кредитлари савдосидан тушадиган маблағларнинг асосий қисми фермерларга йўналтирилади.
Мутахассислар бу ташаббусни қишлоқ хўжалигида экологик ёндашувларни кенгайтириш ва “яшил иқтисодиёт”ни ривожлантириш йўлидаги муҳим қадам сифатида баҳоламоқда.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА