Қўқон давлат университети: экологик ташаббуслар ва аниқ натижалар
Бугунги глобаллашув даврида экологик муаммолар — иқлим ўзгариши, ҳаво ифлосланиши, сув танқислиги ва табиий ресурсларнинг камайиб бориши — инсоният олдида турган энг долзарб ва мураккаб масалалардан бирига айланди. Ушбу муаммолар нафақат атроф-муҳитга, балки иқтисодий тараққиёт ва жамият барқарорлигига ҳам бевосита таъсир кўрсатмоқда. Шу боис экологик хавфсизликни таъминлашда ёшларнинг ўрни, уларнинг экологик маданияти ва амалий фаолияти ҳал қилувчи аҳамият касб этади.
Мамлакатимизда экологик барқарорликни таъминлаш борасида тизимли ва изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан илгари сурилган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида яшил ҳудудларни кенгайтириш, экологик муҳитни яхшилаш ҳамда аҳолининг экологик онгини юксалтириш устувор вазифа сифатида белгиланган.

Шунингдек, давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган стратегик йўналишлар доирасида ҳар йили дарахт кўчатларини экиш, экологик мувозанатни сақлаш, сув ва ер ресурсларидан оқилона фойдаланиш, “яшил иқтисодиёт”ни ривожлантириш ҳамда энергия тежамкор технологияларни кенг жорий этиш каби муҳим вазифалар изчил амалга оширилмоқда. Бу эса мамлакатимизда барқарор ривожланишнинг янги моделини шакллантиришга хизмат қилмоқда.
Мазкур ташаббуслар натижасида республикамизда экологик муҳитни яхшилаш, яшил ҳудудларни кенгайтириш ва барқарор ривожланишни таъминлаш бўйича кенг кўламли амалий ишлар олиб борилмоқда.
Олий таълим муассасалари ҳам ушбу жараённинг фаол иштирокчисига айланиб, ёшларнинг экологик ташаббусларини қўллаб-қувватламоқда. Жумладан, Қўқон давлат университетида “Яшил макон” лойиҳаси доирасида 2025-йилда 14 000 та манзарали ва мевали кўчатлар экилди, 2026-йилнинг ўтган даврида 1 050 та кўчат экилиб, бу борадаги ишлар изчил давом эттирилмоқда.

Шу билан бирга, университетда 2025–2026-ўқув йили давомида экологик акциялар ва ҳашарларда 3 000 нафардан зиёд талаба фаол иштирок этди. Бу эса ёшларнинг экологик жараёнларга бефарқ эмаслиги, аксинча, уларнинг ташаббускорлиги ва масъулияти ортиб бораётганидан далолат беради.
Талабалар ўртасида экологик маданиятни юксалтириш мақсадида 20 дан ортиқ семинар-тренинглар, давра суҳбатлари ва тарғибот тадбирлари ташкил этилди. Ушбу тадбирлар орқали жами 5 000 нафарга яқин ёшлар экологик билим ва амалий кўникмалар билан қамраб олинди. Таҳлиллар шуни кўрсатадики, экологик ташаббусларда иштирок этаётган талабалар улуши сўнгги икки йил ичида 30 фоиздан 55 фоизгача ошган. Бу эса ёшлар орасида экологик маданиятининг янада юксалиб бораётганини яққол кўрсатади.

Мазкур натижалар нафақат ҳудудни кўкаламзорлаштиришга, балки талабалар орасида табиатга меҳр, масъулият ва ресурсларга эҳтиёткорлик билан муносабатни шакллантиришга хизмат қилмоқда.
Экологик барқарорликни таъминлашда сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ҳам муҳим йўналишлардан биридир. Шу мақсадда университет ҳудудида инновацион ёндашув асосида 10 та насосли тизим жорий этилди. Ушбу тизим орқали яшил ҳудудлар ер ости сувлари ҳисобидан суғорилиб, натижада 35 минг метр кубга яқин ичимлик суви тежалди. Бу эса сув ресурсларини тежаш ва уларни оқилона бошқаришда муҳим амалий натижадир.

Шунингдек, энергия самарадорлигини ошириш ва яшил иқтисодиётни ривожлантириш мақсадида университетда қуёш энергиясидан кенг фойдаланилмоқда. 2026-йил ҳисобидан қўшимча 194 кВт қувватга эга қуёш панеллари ўрнатилиб, умумий қувват 1 050 кВтга етказилди.
Қуёш панеллари орқали жами 580 минг кВт электр энергияси ишлаб чиқарилди. Шундан 52 297,6 кВт ортиқча энергия ҳудудий электр таъминоти корхонасига узатилди. Ҳисоб-китобларга кўра, ушбу энергия ҳисобига 580 миллион сўм маблағ тежалди.
Бу кўрсаткичлар нафақат энергия мустақиллигини таъминлаш, балки яшил иқтисодиёт тамойилларини амалиётга жорий этиш, ресурслардан самарали фойдаланиш ва иқтисодий тежамкорликка эришишда муҳим аҳамият касб этади.

Хулоса қилиб айтганда, экологик муаммоларни ҳал этишда ёшларнинг фаоллиги ҳал қилувчи омилдир. “Яшил макон” лойиҳаси, сув ва энергия ресурсларини тежашга қаратилган инновацион ечимлар ҳамда талабалар экоҳаракати доирасида амалга оширилаётган ишлар университетимизда барқарор ривожланишни таъминлашга хизмат қилмоқда.
Дилноза Ходжаева,
Қўқон давлат университети ректори