“Milliy Fashion Show” ёш дизайнерлар маҳоратини намойиш этди
Ёшлар ижод саройида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ва Ёш дизайнерлар кенгаши ҳамкорлигида "Ёшлар ойлиги" доирасида “Milliy Fashion Show” модалар намойиши ташкил этилди.
Бугунги кунда аждодлардан мерос бўлиб келаётган миллий либосларни асраб-авайлаш, уларни ёшлар орасида кенг тарғиб қилиш ва замон билан уйғун ҳолда ривожлантириш миллий ўзлигимизни сақлашнинг муҳим омилларидан бири ҳисобланади.

Ана шу вазифалар ижросини таъминлаш, миллий қадриятларимизни ёшлар онгига чуқур сингдириш ҳамда миллий модани кенг тарғиб этиш мақсадида ташкил этилган тадбирда республикамизнинг барча ҳудудларидан иштирок этган 100 га яқин ёш дизайнер томонидан тақдим этилган 800 га яқин миллий либослар коллекцияси кўриб чиқилди. Натижада ҳар бир ҳудуддан 1 нафардан энг иқтидорли дизайнер Республика финал босқичига йўлланма олди.

Намойиш доирасида ўзбек миллий модасининг жозибаси, замонавий тенденциялар ва анъанавий услубларнинг ўзаро уйғунлиги намойиш этилди.

Финал босқичида иштирокчилар ўзларининг эксклюзив коллекцияларини намойиш этиб, миллийлик ва замонавийлик уйғунлигини ўзида акс эттирган либосларни кенг жамоатчилик эътиборига ҳавола қилди. Намойишда атлас ва ипак матолар жозибаси, нафис каштачилик намуналари, миллий нақшлар ҳамда замонавий мода элементлари ўзаро уйғунлашган ҳолда тақдим этилди.

Тадбир миллий либосларимизни кенг тарғиб қилиш, ёш дизайнерларни қўллаб-қувватлаш ҳамда халқимизнинг ўз анъана ва қадриятларига бўлган ҳурматини янада мустаҳкамлашга хизмат қилди. Меҳмонлар замонавий дизайнерлар томонидан яратилган миллий коллекциялар билан яқиндан танишиб, миллий моданинг бугунги ривожланиш тенденцияларига гувоҳ бўлди.

Тадбирда қайд этилганидек, миллий либосларимиз намойишига бағишланган бундай лойиҳалар ёш авлоднинг миллий қадриятларимизга бўлган ҳурматини ошириш, тарихий меросимизни асраб-авайлаш ва миллий ғурур туйғусини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади. Шу муносабат билан Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ушбу ташаббусни давом эттириб, миллий модани кенг омма орасида тарғиб этишни мақсад қилган.
Гулноза Бобоева,
ЎзА