Испанияда чоп этилган янги китобда Турон заминининг 8000 йиллик цивилизация йўли эътироф этилди
Испанияда юртимиз тарихчи олимлари ва хорижлик мутахассислар ҳамкорлигида йирик илмий тадқиқот натижалари китоб ҳолида чоп этилди. Испания Тарих институти директори, академик Азамат Зиё ҳамда Севилья, Кадис ва Вальядолид университетлари тарихчилари ҳаммуаллифлигида дунё юзини кўрган ушбу асар “Марказий Осиёда минг йиллик глобаллашувлар: Илк ўрта асрлардан кунимизгача” (“Un milenio de globalizaciones en el Asia Central. De los albores de la Edad Media a la contemporaneidad”) деб номланади.
Мазкур фундаментал тадқиқотдан ўрин олган “Марказий Осиёнинг ялпи цивилизациялашув йўли” (“La senda de la civilización global de Asia Central”) номли таҳлилий мақоласида академик Азамат Зиё бутунлай янгича илмий ёндашувлар асосида минтақамиз тарихига доир қатор муҳим концептуал масалаларни илгари сурган.
Хусусан, тадқиқотда Турон цивилизациясининг туғилиши ва унинг инсоният тараққиётида тутган ўрни манбалар асосида чуқур таҳлил қилинган. Таъкидланишича, ўлкада бундан 8000 йил бурун ўтроқ турмуш тарзи ва деҳқончилик пайдо бўлган, салкам 5500 йил олдин сунъий суғориш тизимлари шаклланган бўлса, 4000 йил илгари дастлабки шаҳарчилик маданияти ва ўзбек давлатчилиги куртаклари юзага келган. Шунингдек, Туронда пахтачилик ва ипакчилик бундан 4000 йил аввал ҳам мавжуд бўлгани, яъни чигит Ҳиндистондан, ипак эса Хитойдан келтирилмагани ҳақидаги янгича илмий хулосалар баён этилган. Қадимги замонларда айнан шу заминдан бошланган Лаъл, Ложувард, Бадахшон ва Туз йўллари каби халқаро савдо тармоқларининг шаклланиш тарихи ҳам очиб берилган.
Муаллиф минтақанинг жаҳон диний таълимотлари, хусусан, зардуштийлик, буддавийлик ва ислом дини ривожидаги беқиёс ўрнини алоҳида кўрсатиб ўтган. Самарқанд, Бухоро, Хоразм, Насаф, Кеш, Термиз, Марв, Фарғона, Марғилон ва Тошкент каби илм-фан марказларида етишиб чиққан юзлаб алломаларнинг дунёвий фанлар ривожига қўшган ҳиссаси юқори баҳоланган. Муҳаммад Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Абу Наср Форобий, Абу Райҳон Беруний, Ибн Сино, Абдурраҳмон Хозин, Маҳмуд Чағминий, Мирзо Улуғбек, Али Қушчи ва Алишер Навоий каби даҳоларнинг кашфиётлари Европа илмий инқилобига қандай таъсир кўрсатгани алоҳида қайд этилган. Шунингдек, инсоният тарихидаги илк олий таълим муассасаларидан бири – 937 йилда ташкил этилган Форжак мадрасаси ва Турон меъморчилиги феномени таҳлил қилинган.
Асар саҳифаларида миллий давлатчилигимизни бошқарган Канишка, Истами хоқон, Исмоил Сомоний, Маҳмуд Ғазнавий, Маликшоҳ, Султон Муҳаммад, Жалолиддин Мангуберди, Амир Темур, Шоҳрух, Мирзо Бобур, Абдуллахон, Ялангтўш Баҳодир каби йирик ҳукмдорлар фаолиятига атрофлича тўхталиб ўтилган. Айниқса, Буюк Хитой деворидан Ўрта ер денгизигача, Москвадан Деҳлигача бўлган улкан геосиёсий маконни Самарқанд атрофида бирлаштирган Амир Темур шахсига юқори баҳо берилган. Соҳибқирон асос солган ва Темурийлар ренессанси деб ном олган давр минтақанинг иқтисодий ва маданий қудратини қайта тиклагани эътироф этилган. Шу билан бирга, XIX асрнинг иккинчи ярмида Турон замини Россия империяси томонидан босиб олингани ва бу даврдаги сиёсий жараёнлар ҳам холис акс эттирилган.
Академик Азамат Зиё ўз таҳлилий мақоласини қуйидаги хулосавий фикрлар билан якунлаган:
“Ўзбекларда бир доно мақол бор: оққан дарё оқаверади. Бундан 8000 йил бурун бошланиб, кишилик тарихидаги энг нуфузли цивилизациялардан бири мақомига эришган Турон ўз тарихида қанчадан-қанча оғир синовларни, суронли даврларни бошдан кечирмасин, XXI асрда Марказий Осиё ўлароқ яна ўз тарихий йўлини топиб олди. Бу – бутунлай янгича тарихий ва замонавий шарт-шароитлардаги глобал цивилизация йўлидир”.
Халқаро олимлар ҳамкорлигида чоп этилган ушбу йирик илмий асар Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистоннинг бой тарихи ва маданий меросини дунё миқёсида кенг тарғиб қилишда муҳим қадам бўлиб хизмат қилади.
Дилбар Нишонова, ЎзА