“Ғафлатдан уйғотган жадид” китоби нашрдан чиқди
Китоб муаллифи филология фанлари бўйича фалсафа доктори, шоир ва адабиётшунос, тарихшунос Исмат Санаев.
Хўш, биз ҳали яхши билмаган, миллатни ғафлат уйқусидан уйғотишга бел боғлаган ватанпарвар, жадид ўзи ким?
Бу саволга китобдан шундай жавоб топасиз:
“Баҳромбек Давлатшоҳ ўғли – Таржимон XIX асрнинг Зарафшон водийсида камолга етган забардаст шоирлардан бири ҳисобланади. Ижодкорнинг отаси Давлатшоҳ Каримов туркий тиллар оиласига мансуб нўғай миллатидан. У кўнглидаги мустаҳкам исломий эътиқод туфайли Краснодар ўлкасидаги уйини тарк этиб, Зарафшон водийсидаги Миёнколнинг марказларидан бири ҳисобланган Каттақўрғон шаҳрига кўчиб келган.
Баҳромбек Давлатшоҳ 1871 йили Каттақўрғон шаҳрида туғилган. Дастлаб маълумотни отасидан кейин эски мактабда ва рус мактабида таълим, тарбия олган. Отаси сургун қилингач, Баҳромбек онасининг саъй-ҳаракати билан ибтидоий рус мактабида ўқиган. Бухоро мадрасасида ўз билимини такомилига етказади. Ўзбек, форс-тожик, араб, рус ва нўғай тилларини мукаммал билган...”.
Исмат Санаевнинг мазкур китоби илм аҳли учун номаълумлигича қолиб келаётган жадид, Миёнкол адабий муҳитининг кўзга кўринган вакили Баҳромбек Давлатшоҳ ўғли Таржимон ҳаёти ва адабий меросига доир тадқиқот ҳамда шоирнинг илмий жамоатчиликка нолмаълум шеърий ва публицистик асарлари ҳақида хабар беради.
Баҳромбек Давлатшоҳ ўғли Таржимон барча янги ҳаёт тарафдорларидек маслакдошлари билан ҳамкор, ҳамфикр, ҳамсуҳбат ҳолатда фаолият кўрсатган. Аммо шўролар сиёсати туфайли бир неча тилларни мукаммал билган, ўзбек, форс ва рус тилларида асарлар яратган Таржимоннинг ҳаёти ва ижоди ўтган 70 йил давомида ўрганилмади ва адабиётшуносликда ўз баҳосини олмади.
Таниқли шоир ва олим Исмат Санаев қўлёзма манбалари, архив мулкига айланган ҳужжатларни эринмай синчиклаб ўрганиб, таржима қилиб, илк бор алоҳида китоб шаклида тайёрлади.
Мазкур китоб орқали ўз даврида миллатни ғафлат уйқусидан уйғотишга чорлаган, қатағон даврининг қурбони бўлган ҳозиржавоб ва оташин жадид шоирни яқиндан танийсиз, ижодидан завқ оласиз.
Таъкидлаш жоизки, муаллиф ушбу шоир ижоди билан қарийб ўттиз йил шуғулланди. Шоир биографиясига оид янги маълумотларни аниқлади. Илм аҳлига маълум бўлмаган шеърларини топди, таҳлил ва тадқиқ қилди.
Исмат Санаевнинг “Ғафлатдан уйғотган жадид” китоби ана шундай меҳнат ва заҳмат маҳсули экани билан қадрлидир.
Китобга академик Шуҳрат Сирожиддинов муҳрарирлик қилган. Филология фанлари доктори, профессор Нурбой Жаббор, филология фандлари доктори, профессор Эркин Мусурмонов, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори Баҳром Ирзаевлар тақриз ёзганлар...
ЎзА