Миллатлараро тотувлик - осойишталигимиз гарови
16 ноябрь – “Халқаро бағрикенглик куни”
Динлараро бағрикенглик ғояси хилма-хил эътиқодга эга кишиларнинг бир замин, бир ватанда, олижаноб ниятларда ҳамжиҳат яшашини англатади. Аслида барча динлар эзгуликни тарғиб қилади, ҳалоллик, тинчлик, яхшилик ва дўстлик каби эзгу фазилатларга таянади. Инсонларни ҳалоллик ва поклик, меҳр-оқибат, инсонпарварлик ва бағрикенгликка даъват этади.
Ҳозирги глобаллашув жараёнида диний бағрикенглик жаҳон ҳамжамияти учун ғоят долзарб. 1995 йил 16 ноябрда БМТ Фан, таълим ва маданиятга ихтисослашган ташкилоти – ЮНЕСКО томонидан қабул қилин Бағрикенглик тамойили декларациясида эътиқод ва виждон эркинлигига алоҳида эътибор қаратилган. Бош қомусимизда мамлакатимизда яшаётган барча миллати, тили, эътиқоди, ижтимоий ҳолатидан қатъи назар Ўзбекистон ҳалқини ташкил қилиши, уларнинг ҳуқуқи ва манфаати, шунингдек эътиқод эркинлиги кафолати мустаҳкамланган.

Бугунги кунда мамлакатимизда истиқомат қилаётган 130 дан зиёд миллат ва элат вакиллари Конституция ҳамда қонунларимизда қайд этилган тенг ҳуқуқ ва имкониятдан фойдаланиб, турли соҳаларда самарали меҳнат қилиб келмоқда. ЮНЕСКО доирасида дунёда тинчликни мустаҳкамлаш, динлар ва конфессиялараро мулоқот ўрнатиш, миллат ва элатлар ўртасида ҳамкорликни ривожлантириш йўлида қатор ишлар амалга оширилмоқда. Бу борада қабул қилинган бағрикенгликка оид 70 дан зиёд халқаро ҳужжатлар орасида “Бағрикенглик тамойиллари декларацияси” муҳим ўрин тутади. Мазкур ҳужжат асосида бутун дунёда, жумладан Ўзбекистонда ҳам “Халқаро бағрикенглик куни” кенг нишонланади.

Юртимизда ўтказилаётган Бағрикенглик ҳафталиги, ушбу тушунчанинг мазмун-моҳияти ҳақида Республика озарбайжон миллий маданият маркази раиси Мобил Мамедов ЎзАга интервью берди.
– Бугунги кунда мамлакатимизда тинчлик, беғубор осмон, мунаввар кунларимиз қардр-қиммати, аҳамияти ҳар қачонгидан ҳам ортиб кетди. Бундай осуда ҳаётнинг қадрига етиш керак. Ана шу осойишталик омили бўлган диний бағрикенглик тамойилини янада мустаҳкамлашга диёримизда алоҳида эътибор қаратилмоқда. Турли эътиқодга эга миллатлар бир заминда буюк ғоя ва соф ният йўлида ҳамжихат яшаши эса бағрикенгликнинг яққол ифодасидир.
Ўзбекистонда давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири – жамиятда миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш дўстлик муҳити ва кўп миллатли ягона оила туйғусини мустаҳкамлашни назарда тутади. Шунингдек, ёшларни Ватанга муҳаббат ва садоқат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат билан қараш руҳида тарбиялаш, хорижий мамлакатлар билан маданий-маърифий алоқаларни кенгайтиришга йўналтирилган кенг миқёсли ишлар ҳам эътиборга лойиқ.
Мустақил диёримиз – Ўзбекистонда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари 16 хил диний конфессияга эътиқод қилиб келмоқда. Давлат таълим муассасаларида ўқиш етти тилда олиб борилади. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ўн икки тилда кўрсатувлар намойиш этади, ўндан ортиқ тилда газета, журналлар нашр этилмоқда. Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси қошида 154 миллий маданий марказ, 16 диний конфессияга тегишли 2300 га яқин ташкилот фаолият юритади.

Диний бағрикенглик турли дин вакиллари эътиқодидаги мавжуд ақидавий фарқдан қатъи назар, ёнма-ён, ўзаро тинч-тотув яшашни англатади. Ҳар ким ўз эътиқодига амал қилишда эркин бўлгани ҳолда, бу ҳуқуққа бошқалар ҳам эгалигини эътироф этмоғи лозим.
Ўзбекистон Республикасининг бу борадаги давлат сиёсати асосий тамойиллари фуқароларнинг тенг ҳуқуқлилиги, ижтимоий адолат, қонун устуворлиги, миллат ва элатларнинг маданияти, тили ва диний қадриятлари, анъана ва урф-одатларини ўзаро ҳурмат қилишни кўзда тутади.
Дунёнинг турли ҳудудларида миллатлар, динлар ўртасида курашлар, урушлар давом этаётган бир пайтда тинчликсевар мамлакатимиз Ўзбекистонда “16 ноябрь – Халқаро бағрикенглик куни” миллатлар байрами сифатида кенг нишонланмоқда.
Ҳар йили ушбу санага бағишлаб “Бағрикенглик ҳафталиги” доирасида туркум тадбирлар, жумладан Мустақиллик монументига гул қўйиш, пресс-клуб йиғилиши, давра суҳбати, семинар ва халқаро конференциялар, “Бағрикенглик” кўкрак нишони билан тақдирлаш маросими, миллий ҳунармандлик, китоблар, фотолар кўргазмалари ҳамда маданий-маърифий тадбирлар ўтказилади.
Ҳафталикнинг асосий ташкилотчилари Маданият вазирлиги ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси, Дин ишлари бўйича қўмита, Халқаро ислом академияси ҳамда Миллий маданий марказлардир. Анъанага айланган тадбирларда Ўзбекистонда аҳил, иноқ яшаб келаётган қозоқ, қирғиз, тожик, туркман, турк, озарбайжон, арман, яҳудий, немис, корейс, рус, украин, татар, бошқирд, дунган, поляк, грузин каби миллатлар вакиллари фаол иштирок этмоқда.
Хусусан, Озарбайжон маданий маркази фаоллари миллий урф-одат ва анъаналар акс этган кўргазма, миллий либослар намойиши ҳамда куй, қўшиқ, рақслар билан томошабинларни хушнуд этмоқда. Айниқса, сана муносабати билан динлараро ҳамда миллатлараро бағрикенгликни таъминлашга муносиб ҳисса қўшиб келаётган бир гурух фуқаролар ҳамда хорижлик ҳамкорлар давлат мукофотлари ва “Бағрикенглик” кўкрак нишони билан тақдирланиши алоҳида эътирофга молик.
Бундай тадбирлар турли миллатларни жипслаштириш, жамиятда кўп миллатли ягона аҳил оила туйғусини қарор топтириш, мамлакатимизда миллатлараро тотувликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади. Ёш авлодни Ватанга садоқат руҳида тарбиялаш, шунингдек бағрикенгликка асосланган миллатлараро муомала маданияти ҳис-туйғусини кучайтиришга замин яратади.
Буларнинг бари шу заминда яшаётган, қадр-қиммати баланд, Ватанимиз учун керакли барча миллат ва элат вакилларининг меҳнати эътироф ва эъзозга сазаворлигидан далолат.
ЎзА мухбири Гўзал Сатторова ёзиб олди.