Урбанизация соҳасида давлат бошқаруви самарадорлиги оширилади
Кейинги йилларда мамлакатимизда аҳоли учун қулай яшаш муҳитини яратиш, шаҳарсозлик соҳасида давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш, урбанизация жараёнларини ривожлантириш бўйича қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Қуйи палата мажлисида иккинчи ўқишда муҳокама қилинган “Урбанизация соҳаси такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Шаҳарсозлик кодексига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси урбанизация жараёнлари билан боғлиқ.
Таъкидланганидек, ушбу қонун лойиҳаси билан урбанизация жараёнларини ҳисобга олган ҳолда шаҳарларнинг жамият ва иқтисодиёт ривожидаги ролини ошириш, аҳолининг турмуш тарзини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш ҳамда экологик муҳитни ва шаҳар инфратузилмасини янада яхшилаш, аҳоли пунктларини ҳудудларни комплекс ривожлантириш асосида мутаносиб режалаштириш шаҳарсозликда асосий принциплар сифатида белгиланмоқда.
Шу билан бирга, урбанизация соҳасида давлат бошқаруви самарадорлигини ошириш, Ўзбекистон Республикаси Урбанизация ва уй-жой бозорини барқарор ривожлантириш миллий қўмитасининг ҳуқуқий мақоми ва ваколатлари Шаҳарсозлик кодексида аниқ кўрсатилмоқда.
Қонун лойиҳаси билан шаҳарлар ва шаҳарчаларнинг бош режалари, батафсил режалаштириш лойиҳалари ҳамда мастер-режаларини келишиш, урбанизация жараёнларини мувофиқлаштириш билан боғлиқ нормалар аниқлаштирилмоқда. Хусусан, урбанизация жараёнларини ҳисобга олиш ва қулай инфратузилмаларни яратишни таъминлаш мақсадида йирик ва аҳамиятли туризм, бизнес, маданият, спорт ҳамда аҳолини фаол жалб қилишга қаратилган лойиҳаларни амалга ошириш билан боғлиқ ҳуқуқий асослар белгиланмоқда.
Қайд этилганидек, лойиҳанинг қабул қилиниши урбанизация жараёнларини самарали бошқариш, ҳудудларни мутаносиб ривожлантириш, шаҳарсозлик соҳасида идоралараро ҳамкорликни кучайтириш ҳамда аҳоли учун қулай ва экологик барқарор яшаш муҳитини шакллантиришга хизмат қилади.
Қонун лойиҳаси қабул қилиниб, Сенатга юборилди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА