"БелТА": МДҲ мамлакатлари энергетика соҳасида ҳамкорликни кенгайтиради
Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ) мамлакатлари 2050 йилгача ёқилғи-энергетика мажмуасини ривожлантириш стратегияси лойиҳаси устида иш олиб бормоқда. Бу ҳақда МДҲ Ижроия қўмитаси Иқтисодий ҳамкорлик департаменти директори Михаил Мискин Минскда ўтказилаётган XXX Беларусь энергетика ва экология форумида маълум қилди.
Ахборот ҳамкоримиз - “БелТА” хабар беришича, мазкур стратегия энергетика соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, иқтисодий ва геосиёсий таҳдидларга биргаликда жавоб қайтариш ҳамда энергетика хавфсизлигини таъминлашга қаратилган.
– Энергетика мустақиллиги мамлакатлар иқтисодиёти ва саноатининг барқарор ривожланишини таъминловчи муҳим омиллардан биридир, – деди М.Мискин.
Унинг таъкидлашича, МДҲ доирасида энергетика тизимларининг параллел ишлаши йўлга қўйилган, умумий энергетика бозори элементлари шакллантирилмоқда ва қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда. Шунингдек, 2035 йилгача энергетика соҳасидаги ҳамкорлик концепцияси асосида инфратузилмани ривожлантириш, ускуналарни модернизация қилиш ва маҳаллий ишлаб чиқариш улушини ошириш чоралари кўрилмоқда.
Мискин сўнгги ўн йилда МДҲ мамлакатларида атом энергетикасига қизиқиш ортганини қайд этди. Хусусан, Беларусда атом электр станцияси ишга туширилган, Қозоғистон ва Ўзбекистонда эса АЭС қуриш лойиҳалари амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга, Ҳамдўстлик доирасида минтақавий энергетика хавфсизлигини таъминлаш бўйича ҳамкорликни кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борадаги асосий мақсад энергетика тизимларининг ишончлилиги, барқарорлиги ва самарадорлигини оширишдан иборат.
А.Маматов, ЎзА