Вашингтон имзоси Киев учун муҳимми?
Украина қарийб бир ойдан бери АҚШ мудофаа вазири Пит Хегсет “Патриот” ва ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими учун ракета ажратишга рухсат беришини кутяпти. Президент Владимир Зеленский бу масала Вашингтон билан бирга яна бир бор кўтарилишини маълум қилди.
У ижтимоий тармоқда ёзишича, Киев АҚШ, Европа ва бошқа ҳамкорлар билан PAC-2 ҳамда PAC-3 русумли тутиб қолувчи ракеталар олиш бўйича музокара олиб боряпти. Украина етакчиси таъкидлашича, Россия ўтган ҳафта мамлакатга 48 ракета, жумладан баллистик ракета, қарийб 1 600 бошқариладиган авиа бомба ва 2 300 га яқин зарба берувчи дрон йўналтирган.
Хуллас, Зеленский Европа давлатлари томонидан молиялаштирилиши маъқулланган “Патриот” ракеталари тезроқ етказилиши зарурлигини билдирган.
Ракета сони ва етказиш муддати ҳозирча очиқланмаган. Украина “Патриот” учун ўқ-дорининг асосий қисмини НАТО доирасидаги PURL ташаббуси орқали олади. Яқин Шарқдаги ҳарбий ҳаракат АҚШ ўқ-дори захирасига босимни кучайтирган. Мудофаа вазирлиги бош йўриқчиси сентябрда эълон қилган ҳисоботга кўра, февралдан июнь охиригача Эронга қарши қўлланган “Epic Fury” амалиётида 22,3 миллиард долларлик ўқ-дори сарфланган.
Мусулмон Зиё, ЎзА