Мева-сабзавот экспорти 1,2 миллиард доллардан ошди
Мамлакатимизда мева-сабзавот маҳсулотларини ташқи бозорларга етказиб бериш ҳажми мамлакат аграр салоҳияти ва экспорт имкониятларини намоён этувчи муҳим кўрсаткичлардан биридир.
2026 йилнинг январь–август ойларида хорижга 1,4 миллион тоннадан ортиқ мева-сабзавот маҳсулотлари экспорт қилингани бу йўналишдаги иқтисодий фаолликни кўрсатади.
Миллий статистика қўмитасининг дастлабки маълумотларига кўра, ҳисобот даврида экспорт ҳажми 1 миллион 437,7 минг тоннани, маҳсулотларнинг умумий қиймати эса 1,2 миллиард АҚШ долларини ташкил этган.
Экспорт таркибида энг катта улуш сабзавотлар ҳиссасига тўғри келиб, 551,3 минг тоннани ташкил этган. Мева ва резаворлар экспорти 332,8 минг тонна, тарвуз ва қовун экспорти эса 198,5 минг тонна бўлган. Шунингдек, хорижга 36,2 минг тонна мош, 14,7 минг тонна ерёнғоқ ва ёнғоқлар ҳамда бошқа турдаги 304,2 минг тонна маҳсулот етказиб берилган.
Ушбу кўрсаткичлар экспортда сабзавотчилик ва мевачилик маҳсулотлари муҳим ўрин тутаётганини кўрсатади. Айни пайтда, ташқи бозорларда барқарор ўрин эгаллаш фақат маҳсулот ҳажмини ошириш билан чекланмайди. Маҳсулот сифатини халқаро талабларга мослаштириш, сақлаш ва саралаш инфратузилмасини ривожлантириш, логистика харажатларини камайтириш ҳамда қайта ишланган маҳсулотлар улушини кўпайтириш ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Зеро, аграр экспортнинг иқтисодий самарадорлиги нафақат қанча маҳсулот четга сотилгани, балки унинг қўшилган қиймати, ишлаб чиқарувчилар даромади ва ташқи бозорлардаги рақобатбардошлиги билан ҳам белгиланади.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА