«Pink October»: Аёллар саломатлиги ва ҳаёти учун ташланган эзгу қадамлар
Бугун, 10 октябрь куни пойтахтимиз яна бир эзгу ва муҳим ташаббус – аёллар саломатлигини қўллаб-қувватлаш ҳамда кўкрак бези саратони ҳақида жамоатчилик хабардорлигини оширишга бағишланган анъанавий хайрия югуриш марафонига мезбонлик қилди.
«Pink October» - ҳар йили дунё миқёсида кенг нишонланиб, аёлларни хавфли касалликлардан огоҳ этиш, тиббий маданиятни юксалтиришга қаратилган ойлик ҳисобланади. Ана шу глобал ҳаракатнинг мазмун-моҳиятини ўзида мужассам этган бугунги тадбир пойтахтимиз кўчаларида кўтаринки руҳда ўтди.

Маълумот ўрнида таъкидлаш жоизки, дунё тиббиётида кўкрак бези саратони аёллар ўртасида энг кўп учрайдиган онкологик касалликлардан бири саналади. Бироқ, тиббиёт ва илм-фан шуни кўрсатмоқдаки, агар касаллик ўз вақтида – эрта босқичда аниқланса, уни даволаш ва тўлиқ соғайиб кетиш кўрсаткичлари жуда юқори. Афсуски, кўп ҳолларда аёллар ўз вақтида тиббий кўриклардан ўтмайди ёки бу борадаги маълумотлар етишмаслиги туфайли шифокорга кеч мурожаат қилади. Ушбу хайрия югуриш марафонининг асосий мақсади ҳам айнан шундай хавфларнинг олдини олиш, жамиятда мунтазам равишда скрининг кўрикларидан ўтиш маданиятини шакллантиришдир.
Тонгги соат 08:00да соғлом турмуш тарзи тарафдорлари, фаол ва ташаббускорлар ҳамда кўнгиллилардан иборат 100 нафарга яқин иштирокчи “Tashkent City Boulevard” ҳудудида жам бўлди. Шевченко кўчасидаги “Matcha Club” манзилигача бўлган масофани биргаликда босиб ўтди. Иштирокчиларнинг ҳар бир қадами минглаб аёлларнинг ҳаёти ва соғлиғи учун курашиш, уларни эрта аниқлаш ҳамда олдини олиш ғоясини қўллаб-қувватлаш рамзига айланди.

Мутахассислар таъкидлаганидек, жисмоний фаоллик ҳар қандай касалликнинг, жумладан, хавфли ўсмаларнинг олдини олишда энг кучли воситалардан биридир. Тонгги югуриш ва фаол ҳаракат иштирокчиларга яхши кайфият бағишлаш билан бирга, соғлом турмуш тарзини тарғиб этишнинг амалий намунаси бўлди.
Мазкур хайрия тадбири “Gustave Roussy International Uzbekistan” ва бошқа бир қатор нуфузли ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил қилинди. Бундай халқаро ва маҳаллий ташкилотларнинг бирлашиши тиббий маданиятни ошириш, аҳоли орасида профилактика тадбирларини кенг тарғиб қилиш ҳамда илғор тажрибаларни жорий этишда муҳим қадам экани яққол намоён бўлди. Айниқса, жаҳонга машҳур онкология марказларининг Ўзбекистондаги ваколатхоналари ва фаол платформаларнинг ташаббуслари аҳолининг тиббий саводхонлигини юксалтиришга хизмат қилмоқда.

Югуриш марафони якунида финиш чизиғига етиб келган иштирокчилар самимият ила хушбўй ичимликлар билан кутиб олинди. Тадбир қатнашчиларига мутахассислар томонидан мавзуга доир маълумотлар берилди, тиббий текширувлардан ўтишлари учун ваучерлар тарқатилди.
Моҳигул Қосимова,
ЎзА