Андижонлик ёшлар стартапларини қандай ривожлантирмоқда?
Стартапни яратиш учун ғоянинг ўзи етарли эмас. Уни ишлайдиган маҳсулотга айлантириш, биринчи мижозларни топиш ва инвесторни лойиҳага ишонтириш ҳам керак.
Андижонда ўтказилган амалий воркшопда ёш стартапчилар айнан шу жараённинг муҳим босқичларини ўрганиб, ўз лойиҳаларини ривожлантириш учун янги ёндашувларни кашф этди.
Андижон вилоятидаги AI Hub — Сунъий интеллект марказида ўтказилган «Ғоядан инвестициягача» амалий воркшопи технология соҳасида янги ғоялар излаётган ёшларни бир жойга жамлади.
Тадбирда стартапга қизиқувчи ёшлар, дастурчилар ва ўз лойиҳаларини илк босқичда ривожлантираётган асосчилар иштирок этди. Воркшопнинг ўзига хос жиҳати шундаки, иштирокчилар фақат назарий билим олиш билан чекланмай, ўз лойиҳаларини таҳлил қилиш, бизнес-моделларини қайта кўриб чиқиш ва инвесторларга тақдим этиш кўникмаларини ҳам машқ қилди.
Стартапнинг муваффақияти кўп жиҳатдан унинг қандай муаммони ҳал қилишига боғлиқ. Маҳсулот қанчалик замонавий бўлмасин, агар у фойдаланувчи учун аниқ қиймат яратмаса, уни бозорга олиб чиқиш қийинлашади.
Шу сабабли воркшопнинг дастлабки қисми лойиҳанинг асосини аниқлашга бағишланди. Иштирокчилар муаммони белгилаш, мақсадли мижозларни аниқлаш, маҳсулотнинг қиймат таклифини шакллантириш ва бозор имкониятларини баҳолаш устида ишлади.

Машғулотларда Lean Startup ёндашуви ва Customer Development усулига алоҳида эътибор қаратилди. Бу ёндашувлар маҳсулотни фақат ўз тахминларига таяниб яратиш эмас, балки мижозларнинг ҳақиқий эҳтиёжларини ўрганиш ва ғояни амалда синаб кўриш муҳимлигини кўрсатади.
Бунда MVP — маҳсулотнинг энг зарур функцияларини ўз ичига олган дастлабки версияси муҳим аҳамиятга эга. Стартап асосчиси катта маблағ сарфлаб, барча имкониятларни бирданига ишлаб чиқиш ўрнига, аввал асосий ечимни синаб кўриши, фойдаланувчилар фикрини ўрганиши ва шундан кейин маҳсулотни такомиллаштириши мумкин.
Воркшоп иштирокчиси, 15 ёшли дастурчи Оятбек Абдуғаниев ҳам айнан шу ёндашувни ўз стартапларида қўллашни режалаштирмоқда.
«Ҳозир иккита стартапим — ParkOS ва Ilimli MVP босқичида. Уларни сотувга олиб чиқиш мақсадида воркшопга келдим. Бу ерда Lean Startup ёндашувини ўргандим ва лойиҳаларимнинг бизнес-моделларини қайта кўриб чиқишга қарор қилдим. Олган билимларимни қўллашни кейинга қолдирмоқчи эмасман — бугуноқ иккала стартапимнинг бизнес-модели устида ишлашни бошлайман», — дейди Оятбек.
Унинг режалари стартап ривожидаги муҳим жиҳатни кўрсатади: маҳсулотни яратиш — жараённинг бир қисми, холос. Уни ким ишлатиши, қандай муаммони ҳал қилиши ва қай тарзда даромад келтириши ҳақида ҳам бошиданоқ ўйлаш керак.
Воркшоп иштирокчиси, дастурчи ва Smart Lab жамоаси сардори Яҳёбек Ҳабибуллаев аввал ҳам кичик стартапларни ишга тушириб кўрган, аммо улар муваффақиятсизликка учраган. Энди эса у янги билим ва ёндашувлар ёрдамида навбатдаги лойиҳасини ривожлантиришни мақсад қилган.
«Аввал ҳам кичик стартапларни ишга тушириб кўрганман, аммо улар муваффақиятсизликка учраган. Шунинг учун бу воркшопга стартапни ривожлантириш ҳақида кўпроқ билим олиш мақсадида келдим. Ҳозир жамоамиз билан анъанавий лабораторияларни онлайн форматга ўтказишга қаратилган Smart Lab лойиҳаси устида ишлаяпмиз. Воркшопда олган билимларимни шу лойиҳамизда ва келгуси стартапларимда қўлламоқчиман», — дейди у.
Инвестор билан мулоқотда яхши маҳсулот яратиш қанчалик муҳим бўлса, уни тўғри тақдим этиш ҳам шунчалик аҳамиятли. Шу нуқтаи назардан, воркшопда Pitch Deck — инвестор учун тақдимот тайёрлашга алоҳида ўрин берилди.
Иштирокчилар муаммо ва ечим, маҳсулотнинг қиймат таклифи, бозор, рақобатчилар, бизнес-модель, жамоа ҳамда инвестиция сўровини қисқа ва тушунарли ифодалашни ўргандилар.
Якуний босқичда эса стартапчилар ўз лойиҳаларини уч дақиқа давомида тақдим этиб, кейинги икки дақиқада саволларга жавоб берди. Экспертлар фикр-мулоҳазалари иштирокчиларга лойиҳаларининг кучли жиҳатларини аниқлаш ва такомиллаштириш зарур бўлган нуқталарни кўриш имконини берди.
Тадбир доирасида истиқболли лойиҳаларни «IT Park»нинг Андижон филиалидаги инкубация ва акселерация дастурлари, менторлик имкониятлари ҳамда инвестицияга тайёрлашнинг кейинги босқичларига йўналтириш кўзда тутилган.
Бу имкониятлар ёш стартапчилар учун лойиҳаларини янада такомиллаштириш, тажрибали мутахассислардан маслаҳат олиш ва бизнесни ривожлантириш йўлларини ўрганишда муҳим қадам бўлиши мумкин.
Нигора Раҳмонова, ЎзА