Мерцдан ЕИга кескин шарт: Киевга пул бермасангиз, бюджетни ҳам унутинг!
Германия Канцлери Фридрих Мерц Украинага 2027 йил ажратилиши режалаштирилган 45 миллиард евро ёрдамни Европа Иттифоқининг навбатдаги етти йиллик бюджети бўйича келишув билан боғлади. Унинг таъкидлашича, Украина хавфсизлигини қўллаб-қувватлаш учун молиявий масъулият барча аъзо давлатлар ўртасида тенг тақсимланиши лозим.
Украинанинг кейинги йил бюджети Россия ҳужуми оқибатида 70 миллиард евро тақчилликка юз тутган. ЕИ бу маблағнинг учдан икки қисми, яъни қарийб 45 миллиард евросини қоплаш ниятида. ГФР етакчиси Европа кенгаши раиси Антониу Коштага йўллаган мактубида Киевга 2028 йилдан кейин ҳам узоқ муддатли молиявий ёрдам кўрсатиш кафолатланиши зарурлигини билдирган.
Бинобарин, ЕИ аъзолари бу масалада якдил эмас. Чехия, Венгрия ва Словакия Киевни умумий қўллаб-қувватлашда иштирок этмаслигини билдирган. Польша ва Словакия вакиллари эса бу ёрдам ЕИ бюджети билан боғланиши умумий келишувга эришишни янада қийинлаштиришидан огоҳлантирган.
Мусулмон Зиё, ЎзА