“Менким, Соҳибқирон – жаҳонгир Темур”
Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида улуғ бобокалонимиз, давлат арбоби, буюк саркарда Амир Темур таваллудининг 689 йиллиги муносабати билан “Менким, Соҳибқирон – жаҳонгир Темур” деб номланган маънавий-маърифий кеча бўлиб ўтди.
Маърифий анжуманда Темур ва темурийлар салтанатининг жаҳон тамаддунидаги ўрни ва аҳамияти хусусида ўқувчи-ёшларга батафсил маълумот берилди.
Эътироф этилганидек, Соҳибқирон бобомиз дунёда тенги йўқ улкан салтанатга асос солди. Жаҳоннинг кўплаб давлатлари билан ўзаро манфаатли дипломатик муносабатларни йўлга қўйди.
Тарихчи олимларнинг қайд этишларича, Амир Темур ижтимоий адолат, ободлик, ҳақиқат, илм-маърифат тамойиллари асосида улкан салтанатни идора этиб, маданият ва санъат, меъморчилик, ҳунармандлик ва умуман маърифат ва эзгулик ҳомийси сифатида дунёда ном қозонди. Айнан Амир Темур ва темурийлар даврида илм-фан гуллаб-яшнади. Дунёдаги кўплаб илмий кашфиёт ва изланишларга сабаб бўлди.
– Буюк саркарда ва давлат арбоби бизга адабий асарлар ва давлат бошқаруви “Темур тузуклари”дан тортиб, жаҳон тарихига кирган ноёб архитектура ва қадимий меъморчилик дурдоналаригача бўлган улкан меросни қолдирди, – деди шоира, маънавият тарғиботчиси Гулчеҳра Шаҳобиддин қизи. – Темур ва темурийлар даврини мукаммал ўрганиш янги Ўзбекистон ёшлари учун қандай буюк зотларнинг ворислари эканини англаб етиш, шу асосда ўз билими ва саъй-ҳаракатларини Ватан тараққиёти учун сафарбар этишида ғоят муҳим.
Маърифий анжуманда Соҳибқирон Амир Темур ҳаёти, фаолияти, унинг жаҳон тарихида тутган ўрни ва аҳамияти, темурийлар салтанатининг дунё саҳнасидаги мавқеи хусусида батафсил сўз юритилди.
Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ҳарбийлари, ўқувчи ва талабалар иштирокида ўтказилган ушбу тадбирда Соҳибқирон ҳаётига доир ижодий-маърифий викторина ўтказилди. Театрлаштирилган саҳна кўринишлари намойиш этилди.
Назокат Усмонова, ЎзА мухбири