«Мен ҳам китоб ўқийман»
Китоб, аёл ва мутолаа ҳақида Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси Ўқув заллари хизмати раҳбари Одина Ҳамидова билан суҳбатлашдик.
Одина опа, бугун аёл ёзувчилар адабиётимиз ривожида, китобхонлик ривожига муносиб ҳисса қўшиб келмоқдалар. Шу ҳақда фикрингизни билмоқчи эдик.
– Аёл қалами билан ёзилган асарларда инсон ҳаётининг жуда нозик, лекин ҳаммага таниш жиҳатлари бор. Она бўлиш, фарзанд тарбияси, муҳаббат, оила, орзу, дард, сабр, жамиятда ўз ўрнини топиш... Буларнинг барчаси адабиётда ўз аксини топади. Аёл ёзувчи фақат аёллар ҳақида ёзмайди. У инсон ҳақида ёзади. Шунинг учун Нодира, Увайсий, Зулфия каби ижодкорларни ўқиш –фақат адабиёт тарихини ўрганиш эмас. Бу ўзлигимизни, хотираларимизни, миллий руҳимизни яхшироқ англаш имкони ҳамдир.
Демак, кутубхона учун аёллар адабиёти фақат китоб жавонида турган асарлар эмас?
– Китоб жавонда турса, у ҳали ўз вазифасини бажариб бўлмаган бўлади. Китоб қўлга олинса, ўқилса, муҳокама қилинса, кимнингдир қалбига таъсир қилса – ана шунда у яшайди. Миллий кутубхонанинг вазифаси ҳам фақат китобларни сақлаш эмас. Биз уларни одамларга етказишимиз, айниқса ёшларга қизиқарли қилиб тақдим этишимиз керак. Бугунги ўқувчи китобни фақат китоб жавонидан қидирмайди. У телефондан, компьютердан, электрон каталогдан қидиради. Шунинг учун биз ҳам замон билан бирга ҳаракат қилишимиз керак.
Масалан, Нодиранинг ижодига бугунги ёш қандай етиб боради?
– Бунинг имкониятлари анча кўп. Миллий кутубхонанинг электрон ресурсларида Нодира ижодига оид рақамлаштирилган нашрлар мавжуд. Масалан, «Нодира — Комила» тўплами, Нодиранинг «Девон»и каби манбалар электрон шаклда ўқувчи учун янада яқинлашади. Бу жуда муҳим. Чунки илгари бирор китобни топиш учун кутубхонага келиш, каталогдан излаш керак бўлган бўлса, бугун айрим манбаларга рақамли муҳит орқали мурожаат қилиш мумкин. Энг муҳими, ёш инсонда: «Нодира — тарихда қолган шоир» деган тушунча эмас, «Нодиранинг шеърларини мен ҳам ўқиб кўрсам бўлар экан», деган қизиқиш уйғониши керак.
Сизча, китоб ўқишга ёшларни қандай қилиб қизиқтириш мумкин?
– Мутолаага қизиқтириш учун «Китоб ўқиш керак!» деб қайта-қайта айтиш шарт эмас. Одамга китобнинг нимаси қизиқ эканини кўрсатиш керак. Масалан, ёшларга «бу китобни ўқишинг шарт» десангиз, балки ўқимаслиги ҳам мумкин. Аммо «бу китобда сенинг ҳаётингга ўхшаш бир воқеа бор», десангиз, қизиқиб қолиши мумкин.
Болаларга ҳам худди шундай. Аввало китобни севдириш керак. Кейин мутолаа одатга айланади.
Аёллар бу жараёнда қандай роль ўйнайди?
– Жуда катта роль ўйнайди.Чунки кўпинча боланинг китоб билан биринчи танишуви оилада бошланади. Она боласига эртак ўқиб бериши мумкин. Она ўзи китоб ўқиса, бола уни кўради. Уйда китоб ҳақида гаплашилса, китоб оддий ҳаётнинг бир қисмига айланади.
Шу маънода «она ўқийди — фарзанд ўқийди» деган оддий ҳақиқат бор.Биз Миллий кутубхонада ҳам оналарнинг китобхонликдаги ўрнига алоҳида эътибор қаратамиз.
«Китобхон оналар» ташаббуси ҳам шу мақсадда йўлга қўйилганми?
– Ҳа. Оила ва хотин-қизлар қўмитаси билан биргаликда «Китобхон оналар куни» доирасида ташкил этиладиган тадбирлар айнан шу ғояга хизмат қилади. Бизда бу каби учрашувлар, суҳбатлар, адабий тадбирлар нафақат Тошкентда, балки ҳудудлардаги ахборот-кутубхона марказлари иштирокида ҳам ўтказилади. Онлайн форматлар, жумладан Zoom орқали мулоқотлар ҳам йўлга қўйилган. Бунинг яхши томони – китобхонлик фақат бир бинода қолиб кетмайди. Турли ҳудудлардаги аёллар ҳам бир-бири билан фикр алмашиши, китоб ҳақида суҳбатлашиши мумкин.
Сиз учун «китобхон она» деганда қандай аёл кўз олдингизга келади?
– Китобхон она — ҳар куни юзлаб бет китоб ўқиб ўтирадиган инсон, дегани эмас. Баъзан чарчаган она кечқурун боласи ухлагандан кейин ўн бет китоб ўқийди. Лекин ўша ўн бет унинг қалбида бир фикр қолдириши мумкин. Кейин фарзандига: «Биласанми, мен бугун бир қизиқ нарса ўқидим...» дейди. Мана шу суҳбатнинг ўзи ҳам китобхонликнинг бошланиши. Шунинг учун «мен китоб ўқишга вақт тополмайман» деган оналарга ҳам айтардим: катта мақсаддан бошламанг. Кунига 10–15 дақиқа бўлса ҳам, ўзингиз учун китоб очинг.
Миллий кутубхонада замонавий аёл ёзувчиларга ҳам эътибор қаратилади, тўғрими?
– Албатта. Адабиёт фақат классиклардан иборат эмас. Бугун ижод қилаётган аёл ёзувчи ва шоиралар ҳам адабий жараённинг бир қисми. Фарида Афрўз, Мунаввара Усмонова, Шаҳодат Исахонова, Ҳалима Аҳмедова, Зулфия Мўминова, Зебо Мирзо, Гулчеҳра Шаҳобиддин қизи - Тўмарис, Саломат Вафo, Зулфия Қуролбой қизи, Рисолат Ҳайдарова, Гулжамол Асқарова ва бошқа кўплаб ижодкорлар ўз асарлари билан замонавий адабиётда ўз ўрнига эга. Уларнинг ижодида бугунги инсоннинг ўйлари, оила, муносабатлар, маънавият, жамият, аёл тақдири каби мавзулар турли шаклларда акс этади. Биз учун муҳими – китобхон замонавий муаллиф билан ҳам учрашиши, уни эшитиши, савол бериши, китобини қўлига олиши.
Шунинг учун кутубхонада ижодкорлар билан учрашувлар ўтказиладими?
– Ҳа. Адабий учрашувлар, китоб тақдимотлари, давра суҳбатлари, ижодий кечалар шундай имконият яратади. Масалан, «Сўз» лойиҳаси доирасида муаллиф ва китобхон ўртасида тўғридан-тўғри мулоқот қилишга эътибор қаратилади. Менимча, бу жуда муҳим. Чунки баъзан китобни ўқишдан олдин муаллифнинг ўзи билан суҳбатлашиш инсонда қизиқиш уйғотади.
«Бу китобни ўқиб кўриш керак экан», деган фикр пайдо бўлади.
Мумтоз адабиётимиздаги аёл шоирлар билан бугунги аёл ижодкорлар ўртасида қандай боғлиқлик бор?
– Вақт, сўз, мавзуларнинг ифодаланиш шакли ўзгаради. Аммо инсон қалбидаги айрим туйғулар ўзгармайди. Нодирани ўқиганимизда муҳаббат, вафо, дард, инсон қадри ҳақида ўйлаймиз. Бугунги шоирани ўқиганимизда ҳам шунга яқин ҳисларни бошқача сўзлар билан учратишимиз мумкин.Шунинг учун авлодлар ўртасида адабий мулоқот бўлиши керак.
Кечаги китоб билан бугунги китоб бир-бирига рақиб эмас. Улар бир-бирин тўлдиради.
Суҳбатимизни бир оддий савол билан якунласак. Бугун китоб ўқишни бошламоқчи бўлган онага нима деган бўлардингиз?
- «Бўш вақтим бўлса, китоб ўқийман», деманг. Чунки бўш вақт камдан-кам пайдо бўлади.
«Кунига 15 дақиқа ўзим учун китоб ўқийман», денг. Фарзандингиз ҳам сизни кўради. Балки эртага у: «Ойи, мен ҳам китоб ўқийман», дер. Менимча, китобхон жамиятни катта шиорлар эмас, ана шу кичик одатлар яратади. Бир она китобни очади. Бир бола онасини кўриб китобга қўл узатади. Кейин у бола катта бўлиб, яна бировга китоб тавсия қилади. Китобхонлик шундай ёйилади. Шунинг учун мен барча оналарга битта гапни айтган бўлардим:
Бугун ўзингиз учун битта китоб очинг. Ҳатто ўн бет бўлса ҳам. Балки шу ўн бет эртанги бир катта одатнинг бошланиши бўлар. Муҳими – фарзандингизга китобни «ўқи» деб тутқазманг. Энг аввало китобни ўзингиз ўқинг. Чунки бола кўпинча айтганимизни эмас, қилганимизни такрорлайди. Китобхон она – китобхон фарзанд учун энг чиройли намуна.
ЎзА мухбири Назокат Усмонова суҳбатлашди.