Меҳр ва инсонпарварлик тимсоли бўлган акция
1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ташаббуси билан “Бор меҳримиз сенга, болажон!” шиори остидаги беғараз донорлик акцияси ташкил этилди.
Мазкур хайрли ташаббус мамлакатимизда болалар саломатлигини муҳофаза қилиш, тиббий ва ижтимоий кўмакка муҳтож болажонларни қўллаб-қувватлаш ҳамда жамиятда инсонпарварлик ва меҳр-оқибат қадриятларини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Навоий вилоятида ўтказилган акцияда вилоят Ички ишлар, Фавқулодда вазиятлар ва Миллий гвардия бошқармалари ходимлари, партия фаоллари ҳамда кўнгилли донорлар фаол иштирок этди.


– Акциянинг асосий мақсади қон маҳсулотларига эҳтиёжи юқори бўлган бемор болалар учун барқарор қон захирасини шакллантириш, аҳоли ўртасида кўнгилли донорлик маданиятини кенг тарғиб қилиш ҳамда инсон ҳаётини сақлаб қолишдек олийжаноб ғояни оммалаштиришдан иборат, – дейди партия вилоят Кенгаши раиси Мансуржон Ҳамидов. – Партиямиз дастурий мақсадларида ҳам ҳар бир боланинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларнинг соғлом, билимли ва бахтли бўлиб вояга етишини қўллаб-қувватлаш устувор вазифалардан бири сифатида белгиланган. Шу боис партия томонидан ҳар йили 1 июнь - Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни ва 3 декабрь – Халқаро ногиронлар куни муносабати билан республика миқёсида мазкур донорлик акцияси ташкил этиб келинмоқда.


Навоий вилоят қон қуйиш станцияси бош шифокори Барот Нормуродовнинг маълум қилишича, 2025 йилда 15 минг нафардан ортиқ донор қон топширган бўлса, жорий йилда ушбу кўрсаткични 16 минг нафарга етказиш режалаштирилган. Бу борада “Адолат” СДП билан ҳамкорликда ташкил этилаётган донорлик акциялари муҳим аҳамият касб этмоқда.
Инсон ҳаёти ва саломатлигини асрашга қаратилган мазкур хайрли акция 3 июнга қадар Республикамизнинг барча ҳудудларида давом этади.
А.Бўриев, ЎзА мухбири