“Меҳр улашамиз!” лойиҳаси амалда
Ўзбекистон Қизил Ярим Ой Жамияти Андижон вилоят ташкилоти томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Жамоат Фонди томонидан молиялаштирилган “Меҳр улашамиз!” номли ижтимоий буюртма доирасида шифохоналарга 400 дан ортиқ турдаги замонавий тиббий жиҳоз ва аппаратлар топширилди.
Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Андижон вилояти филиалида жиҳозлар топширилишига бағишланган тадбирда мамлакатимизда онкологик хасталиклар билан даволанаётган беморларга яратиб берилаётган шарт-шароитлар, бу борада “Меҳр улашамиз!” лойиҳасининг аҳамияти хусусида сўз юритилди.

– Ушбу лойиҳанинг асосий мақсади, Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Андижон вилояти филиали ҳамда кўп тармоқли вилоят болалар тиббиёт марказининг онкогематологик бўлимларини замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш ва касалликнинг охирги босқичини ўтказаётган беморлар учун хоспис, яъни махсус жиҳозланган алоҳида палаталар ташкил қилишдан иборат, – дейди Ўзбекистон Қизил Ярим Ой Жамияти Андижон вилояти ташкилоти раҳбари Ҳолидахон Мирзараҳимова. – Лойиҳа амалга оширилиши билан онкологик касалликлар туфайли даволанаётган инсонлар учун қатор қулайликлар яратилди.

Ижтимоий буюртманинг биринчи босқичида тиббий марказларга умумий қиймати 3 миллиард 600 миллион сўм бўлган 400 дан ортиқ турдаги замонавий тиббий жиҳоз ва ускуналар берилиши, ҳар бир марказда 10 ўринли, жами 20 ўринли хоспис хоналар ташкил этилиши кўзда тутилган.

Ҳозирга қадар амалга оширилган ишлар давомида УЗИ, сунъий нафас бериш аппарати, пульт билан бошқариладиган кўп функцияли махсус каравот сингари кўплаб турдаги замонавий тиббий жиҳоз ва асбоб-ускуналар тендер танловлари орқали сотиб олиниб, шифохоналарга етказиб берилди ва хоспис хоналар ташкил этилди.

Ўтказилган тадбирда ижтимоий буюртманинг 2-босқичида шифохоналарнинг онкогематологик бўлимларида даволаётган беморлар, уларнинг қариндошлари билан ишлаш, касалхонадаги беморлар ва уларнинг яқинларини қўллаб-қувватлаш, уларга психологик ёрдамлар кўрсатиш бўйича амалга ошириладиган ишлар, белгиланган режалар ҳақида маълумотлар берилди.
Фахриддин Убайдуллаев, ЎзA мухбири.