Парвозингиз баланд бўлсин, азиз битирувчилар
25 май куни мамлакатимиздаги барча умумтаълим мактабларида “Сўнгги қўнғироқ” садолари янгради. Шу муносабат билан таълим масканларида тантанали тадбирлар бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимиз мактабларини битирувчи ўғил-қизларга йўллаган табриги ушбу маърифий тадбирларга янада баланд руҳ, устозларга илҳом, миллионлаб ёшларга эса билим ва изланиш йўлида янгича шижоат бағишлади.
2025/2026 ўқув йили якунига бағишланган тантанали тадбир пойтахтимизнинг Яшнобод туманидаги 255-умумий ўрта таълим мактабида ҳам кўтаринки кайфиятда бўлиб ўтди.
Тантанали тадбирга устозлар ва уларнинг ўқувчилари, таълим соҳаси фаоллари, кенг жамоатчилик вакиллари ҳамда ота-оналар таклиф этилди.
[gallery-29616]
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимиз мактабларини битирувчи ўғил-қизларга йўллаган табригини мактабгача ва мактаб таълими вазири Эъзоза Каримова ўқиб эшиттирди.
Унда таъкидланганидек, бугун мамлакатимиздаги барча умумтаълим мактабларида “Сўнгги қўнғироқ”лар янграб, байрам тадбирлари бўлиб ўтмоқда. Мана шу ҳаяжонли дамларда 472 минг нафар ўғил-қизларимиз мактаб таълимини тугатиб, катта ҳаётга йўлланма олмоқда. Бугун келажак режаларини тузаётган азиз фарзандларимиз тимсолида Янги Ўзбекистонни дунёга тараннум этадиган бунёдкор кучни кўрамиз.
Жорий йил биринчи марта 11 минг нафардан зиёд фарзандларимиз мактабни олтин ва кумуш медаллар билан тамомламоқда. Бундай интилувчан ўғил-қизларимиз келажакда ҳам ўз тенгдошларига намуна бўлиб, юртимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшади.
– Ҳар бир ота-она келажакда ўз фарзандининг бахту камолини кўришни истайди, – деди мактабгача ва мактаб таълими вазири Эъзоза Каримова. – Янги Ўзбекистонимизда ёшларнинг камолоти учун зарур барча шароит ва имкониятлар яратилган. Бу имкониятлар ёшларимиз парвозининг янада баланд бўлишида муҳим аҳамият касб этади.
Тантанали тадбирда Тошкент шаҳар ҳокимининг ўринбосари Дурдона Раҳимова, Яшнобод тумани ҳокими Бахтиёр Раҳмонқулов ва бошқалар мамлакатимизда умумтаълим мактабларини тамомлаётган ёшлар бугунги имкониятлардан фойдаланиши ғоят муҳим эканини қайд этди.
— Қирқ йиллик иш тажрибасига эга педагог сифатида бугунги таълимга қаратилаётган эътиборни алоҳида эътироф этишни истардим, — деди 255-мактабнинг тарих ўқитувчиси, фахрий устоз Нигора Қурбонова. — Бугун ўқитувчиларнинг шунчаки дарс бериши эмас, балки таълим жараёнига ижодий ёндашуви муҳим ўрин эгалламоқда. Бу эса болаларнинг билим олишга бўлган қизиқиши ва иштиёқининг тобора кучайишида алоҳида аҳамият касб этмоқда. Мактабимизда таълим сифатига қаратилаётган эътибор натижасида кўплаб битирувчилар муддатидан аввал талаба бўлди. Яна кўплаб ўқувчилар эса халқаро сертификатларни қўлга киритди. Ўқувчиларим сафида тарих фани бўйича республика, шаҳар ва туман олимпиадалари ғолиблари борлигидан жуда фахрланаман. Шу билан бирга, ёш ўқитувчиларнинг касбий малака ва маҳоратини оширишга устувор вазифа сифатида ёндашилмоқда.
— Президентимизнинг биз, битирувчиларга йўллаган табригидан жуда ҳаяжонландим, — деди ушбу мактабнинг 11-синф битирувчиси Севинч Облаева. — Давлатимиз раҳбарининг эзгу тилаклари билимларни янада пухтароқ эгаллаб, Ватанимиз равнақига муносиб ҳисса қўшишга ундайди. Биз мактабимиздан нафақат билим, балки энг аввало инсонийлик сабоғини ўргандик. Бунинг учун устозларимизга миннатдорлик билдирамиз. Мактаб биз учун бир умр энг табаррук маскан бўлиб қолади.
Тантанали тадбирда фаол педагоглар ҳамда ўқишда намуна кўрсатган ўқувчиларга ташаккурномалар топширилди.
Мактаб қошидаги “Иқтидор” бадиий жамоаси иштирокидаги чиқишлар намойиш этилди. Кўнгилларни ҳаяжонга тўлдирган “Сўнгги қўнғироқ” садолари янгради. Юзлаб оқ кабутарлар осмонга учирилди. Улар тимсолида юртимизнинг миллионлаб битирувчиларининг катта ҳаёт сари парвозини кўриш мумкин.
Парвозингиз доимо баланд ва бехатар бўлсин, азиз битирувчилар!
Назокат Усмонова,
Носиржон Ҳайдаров (суратлар),
ЎзА мухбирлари