Меҳнатни муҳофаза қилишни бошқариш тизими тўғрисидаги намунавий низом тасдиқланди
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Меҳнатни муҳофаза қилишни бошқариш тизимини жорий этиш тўғрисида” қарор қабул қилди.
Унга мувофиқ, Меҳнатни муҳофаза қилишни бошқариш тизими тўғрисидаги намунавий низом тасдиқланди.
Низомда:
ташкилотларда меҳнатни муҳофаза қилишни бошқариш тизимини режалаштириш, фаолият кўрсатишини ташкил этиш, ички аудитдан ўтказиш ва такомиллаштириш тартиби;
меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси талабларини самарали бажариш, хавфни идентификация қилиш, касбга оид (касбий) хавф-хатарларни баҳолаш ва бошқариш тартиби белгилаб берилган.
Ушбу Намунавий низом Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодекси 359-моддаси ҳамда Халқаро Меҳнат Ташкилотининг Меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси ҳамда ишлаб чиқариш муҳити тўғрисидаги 155-сонли Конвенциясига (Женева, 1981 йил 22 июнь) мувофиқ ташкилотларда меҳнатни муҳофаза қилишни бошқариш тизимини режалаштириш, унинг фаолият кўрсатишини ташкил этиш, ички аудитдан ўтказиш ва такомиллаштириш тартибини белгилайди.
Меҳнатни муҳофаза қилишни бошқариш тизимининг мақсади меҳнатни муҳофаза қилиш, меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси талабларини самарали бажариш, хавфни идентификация қилиш, касбга оид (касбий) хавф-хатарларни баҳолаш ва бошқаришдан иборат.
ЎзА