Йиллик лицензия йиғимлари электр энергияси тарифларининг ошишига сабаб бўлмайди
Бу ҳақда Энергетика бозорини ривожлантириш ва тартибга солиш агентлиги ахборот хизмати маълум қилди. Унда қайд этилишича, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 27 апрелдаги 203-сон қарори билан электр энергетикаси соҳасидаги фаолият турлари бўйича лицензия учун йиллик даврий йиғим ставкалари тасдиқланди.
Ушбу ҳужжат “Электр энергетикаси тўғрисида”ги қонун ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 13 февралдаги 91-сон қарори асосида қабул қилиниб, соҳада лицензиялаш тизимини такомиллаштириш, бозорни самарали тартибга солиш ва замонавий мониторинг ҳамда назорат механизмларини жорий этишга қаратилган.
Маълумки, мамлакатимизда электр энергетикаси соҳасида рақобатли бозор муносабатларини шакллантириш бўйича изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Хусусан, хусусий сектор иштирокини кенгайтириш, инвестицияларни жалб қилиш, электр энергиясини ишлаб чиқариш ва савдо қилиш соҳаларида рақобат муҳитини ривожлантириш, бозор иштирокчилари учун тенг ва шаффоф шарт-шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Халқаро тажрибада ҳам электр энергетикаси соҳасида фаолият юритувчи компаниялар томонидан йиллик лицензия йиғимларини тўлаш амалиёти кенг қўлланилади. Бундай тизим Туркия, Грузия, Буюк Британия, Канада ва Жанубий Африка Республикаси каби давлатларда амалда бўлиб, бозорни самарали тартибга солиш, шаффофликни таъминлаш ва соғлом рақобат муҳитини шакллантиришга хизмат қилади.
Шу асосда Ўзбекистонда ҳам электр энергетикаси соҳасини халқаро стандартлар асосида ривожлантириш, лицензиялаш жараёнларини рақамлаштириш, бозор иштирокчилари фаолиятини мониторинг қилиш ва таҳлил этиш механизмларини такомиллаштириш мақсадида йиллик даврий лицензия йиғимлари жорий этилмоқда.
Қарорга мувофиқ, мазкур йиғимлар электр энергиясини ишлаб чиқариш, сақлаш, узатиш, тақсимлаш, электр таъминоти, марказий харид қилувчи ҳамда электр энергияси савдоси каби фаолият турларига татбиқ этилади.
Муҳими, ушбу лицензия йиғимлари электр энергияси тарифларининг ошишига сабаб бўлмайди. Чунки, йиғимлар миқдори электр энергетикаси корхоналарининг умумий йиллик айланмасига нисбатан ўртача 0,1 фоизни ташкил этади ва тармоқ иштирокчилари учун сезиларли молиявий юклама яратмайди.
Халқаро амалиёт таҳлиллари ҳам бу каби йиғимлар кўплаб давлатларда қўлланилишини кўрсатади. Масалан, Грузияда лицензия йиғими компания йиллик айланмасининг 0,3 фоизини, Буюк Британияда тарифнинг 1,56 фоизини, Канадада эса тартибга солинадиган даромаднинг 0,1 фоизини ташкил этади. Ўзбекистондаги кўрсаткич эса ўртача 0,1 фоиз атрофида бўлиб, халқаро амалиётга нисбатан анча паст ҳисобланади.
Мутасаддиларнинг таъкидлашича, мазкур тизим электр энергетикаси бозорини янада самарали тартибга солиш, лицензиялаш жараёнларини рақамлаштириш, мониторинг ва назорат механизмларини кучайтириш ҳамда бозор иштирокчилари учун шаффоф ва барқарор муҳит яратади.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА